Шок! Концерт чиптаси -- 400 кг картошка!
(last modified Sun, 17 Dec 2017 04:36:32 GMT )
декабр 17, 2017 09:36 Asia/Tashkent
  • Уильямснинг гастролини миллиардер Алишер Усмонов ташкиллаштирган
    Уильямснинг гастролини миллиардер Алишер Усмонов ташкиллаштирган

Британия кўшиқчиси Робби Уильямс Ўзбекистонда томоша кўрсатди

Тошкентда ўтган концертни Россиянинг энг бой одамларидан бири, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов қўллаб қувватлагани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқда фикр қолдирганлар миллиардер бунинг ўрнига вилоятларга газ ва ток олиб келса фойдалироқ бўлишини ёзган.

Хонанда 15 декабр куни Тошкентдаги халқаро форумлар саройида чиқиш қилди.

Тадбирга чипталар 1,5 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача сотилди. Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда ўртача маош 1 миллион сўмдан ошиқроқни ташкил қилишини айтганди. Чипталар ўртаҳол одамларнинг 2 ойлик маошига тенг бўлган.

Концерт ҳақидаги янгилик маҳаллий аҳолининг турли муносабатларига сабаб бўлди.

Чипта пулларига тахминан 400 кило картошка сотиб олса бўлади

Кўпчилик кам танилган ва чипта пуллари қиммат бўлган хонандани Тошкентга олиб келишдан мақсад нималигига тушунмаган.

Маҳаллий подробно.уз сайти ушбу концертни Ўзбекистон аҳолисига миллиардер Усмонов томонидан совға бўлганини ёзган.

Яна бир мақолада қиммат сотилган чиптага Ўзбекистонда нималар сотиб олиш мумкинлигини ҳисоблаб чиқилган.

Робби Уильямсни кўриш учун олинадиган бир чипта пулига 377 кило картошка, 1360 нонли лаваш, 38 кило гўшт ёки 314 кило ун сотиб олиш мумкин экан.

Айрим Facebook фойдаланувчилари британиялик хонанданинг келишидан маъно кўрмаётганини билдиришди.

"Саратон хасталигига чалинган болаларга ёрдам берганида, мана бу ҳақиқий совға бўларди", деб ёзади улардан бири.

Яна кимдир мамлакатда айрим озиқ-овқат танқислиги ва электр энергияси таъминотида узилишлар манзарасида Британиянинг қимматбаҳо хонандасини олиб келиш ўринсиз эканлигини ёзган.

"Картошка олиб келиши, вилоятларга газ ва свет олиб келиши мумкин эди", дейди у.

Жаҳон шоу бизнес юлдузлари Ўзбекистонга илк маротаба келаётгани йўқ. Сўнгги бир неча йил ичида Тошкентга Италия хонандаси Андреа Бочелли, испаниялик Хулио Иглесиас ва Россия опера юлдузи Анна Нотребколар келди.

2010 йилда Тошкентда британиялик қўшиқчи Стинг концерт берди. Британия матбуотига кўра, Стинг Президентнинг қизи Гулнора Каримова олдида чиқиш қилиш учун келган. Унинг гонорори 1 миллион фунтни ташкил қилган.