Ислом Каримов Лондонда кимнинг ҳисобига яшаяпти?
Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси Ислом Каримов Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган.
Марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич невараси ўз онаси Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда таъқиблар бошланганидан бери Британияда яшаб келади.
Ўтган йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова 2015 йилда солиқ тўлашдан бош тортиш айби билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганини билдирганди.
Прокуратура, шунингдек, унга қарши олиб борилаётган иккинчи жиноий ишга биноан Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллиардлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланаётгани ва у бошқарган гуруҳнинг 1,5 миллиард долларга яқин маблағи 12та хорижий давлатда аниқлаштирилганини билдирган.
Би-би-сига ўтган йил августида берган иккинчи интервьюсида Ислом Каримов ўз онаси унга муайян маблағни қолдирганини айтди, аммо бу қанча маблағ эканини ошкор қилмади.
"Мен бу ерда талаба бўлганимда, онам менга шу ерда сақлаган пулларимизни қолдирган. Шу пулга яшашим кўзда тутилган. Ҳа, фавқулодда ҳолатлар учун сақлаб қўйилган онамнинг пуллари менда бор. Бу катта маблағ эмас, лекин менинг харажатларим ҳам катта эмас", - деб айтган у.
Би-би-си ўтган йил Ислом Каримовнинг Лондондаги энг қимматбаҳо меҳмонхоналардан бири - 45 Park Lane меҳмонхонасида яшаб келаётганига гувоҳ бўлганди. Бадавлат ва машҳур мижозлари билан ном чиқарган бу меҳмонхонада бир тун қолишнинг нархи оддийроқ хона учун 777 доллар, ҳашаматлиси учун эса 4304 доллардир.
Албатта, бу Каримовлар оиласи учун катта харажат ҳисобланмайди...