Марадона стадиондаги ножўя иши учун узр сўради
-
ЖЧ-2018
Аргентиналик афсонавий футболчи Диего Марадона жаҳон чемпионатининг Аргентина-Исландия учрашувида стадионда чекиш тақиқланганига қарамай сигара чеккани учун узр сўради.
Марадона ўйиндан кейин Instagram’даги саҳифасида ўйин суратини жойлаштириб, ўзининг ножўя ишига изоҳ берди: «Бугун жаҳон чемпионатидаги илк учрашувимиз билан боғлиқ ҳолда аргентиналиклар учун оғир кун бўлди. Ҳар бир кишида асабий ҳолатдан чиқишнинг ўз усули бор. Мен ростдан ҳам стадионларда чекиш мумкин эмаслигидан бехабар эдим». У мухлислар ва мусобақа ташкилотчилари олдида узр сўраб, барчани Аргентина терма жамоаси ўйинларига ташриф буюришга таклиф қилган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари собиқ футболчининг бу иши устидан киноя қилишга тушиб кетишган: «У стадионга ўзи билан сигара олиб келмаган. Унинг оғзига сигарани «Тангри қўли» тиқиб қўйган», деб айтган бир фойдаланувчи. «Бу тамаки эмас, шунчаки ўт», деб киноя қилган яна бир фойдаланувчи.
Аргентина-Исландия учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Голларни 19-дақиқада Серхио Агуэро ва 23-дақиқада Альфред Финнбогасон киритди. 64-дақиқада эса Лионель Месси 11 метрлик жарима нуқтасидан гол кирита олмади.