Тафаккур дурдоналари (4)
август 06, 2018 00:31 Asia/Tashkent
Тафаккур дурдоналари
ҲАСАН БАСРИЙ зикри
* * *
Майитни лаҳадга қўйишди
ва тупроқ тортишди
шикаста, маҳзун.
Шайх манглайини
тупроққа босиб
йиғлади,
йиғлади,
йиғлади дилхун.
Лойланган тупроқдан
кўтариб бошин,
юракдан оҳ чекиб,
хўрсиниб оғир
сўзлади:
--Бу лаҳза
ибратга лойиқ,
ибтидо қабрдир,
интиҳо--қабр...
Дунёнинг охири
шунда тугайди,
охиратнинг боши
айни шу қабр.
Сен қачон бу ҳақда
ўйлаб кўрасан,
қачон мўмин
бўласан ахир?!
Ниҳояси қабр
бўлган дунёга
ғурурланиб юрасан ҳали,
бошланиши қабр
бўлган оламдан
не учун қўрқмайсан,
эй ғафлат аҳли?!
Қабристонни оҳу
нолалар тутди.
Фалакка ўрлади
фарёду фиғон.
Ўкириб-ўкириб
йиғлади узоқ
қабр тепасида
оломон...
Ёрлиқ