Оқ айиқ операторга ҳужум қилди (видео)
(last modified Sun, 06 Jan 2019 11:06:18 GMT )
Январ 06, 2019 16:06 Asia/Tashkent

Ёввойи табиатни суратга олишни хуш кўрувчи шотландиялик оператор Гордон Бьюкенен BBC Earth телеканалидаги ҳамкасблари билан Норвегиянинг шимолий нуқтасида оқ айиқлар ҳақида сюжет суратга олаётганида айиқ ҳужум қилган.

Жараённинг хавфсизлиги учун музлар орасига одам исталган вақтда кириб олиши мумкин бўлган шаффоф контейнер ўрнатилди. Ҳудди шундай бўлди: оқ айиқ яқинлашаётганини сезган оператор контейнерга беркиниб олди. Бироқ оч ҳайвон ўлжа ҳидини сезиб, контейнерга ҳужум қилишга ўтди.

45 дақиқа давомида оқ айиқ эшикни бузишга урунди, контейнерни силтади ва унинг устига ётиб олди. «Суратга олиш майдони» синовга дош бера олди: истаганини қўлга кирита олмаган йиртқич воқеа жойини тарк этди. Аммо Бюкененнинг саргузаштлари шу билан тугамади: ҳужум акс этган видео тарқалиб кетганидан сўнг, Шпицберген вице-губернатори телеканал раҳбариятига маҳаллий экология қонунларини бузганлигини танқид қилиб, мактуб йўллади. Ёввойи табиатга бостириб кириш 50 000 норвегия кронига (6 000 британия фунти) баҳоланди.

Жарима талаб қилаётган маъмуриятнинг фикрича, ҳайвонларга бу қадар яқин келиб суратга олиш уларнинг тинчлигини бузиб, стресс ҳолатига келтиради. Аммо ундан ҳам ёмони бу хавфли вазиятни юзага келтиришдир: агар айиқ контейнерни ёриб ўтганида Бьюкененнинг шериклари унга ўқ узишга мажбур бўларди.