90 даражага ағдарила оладиган дунёдаги энг ғаройиб кема (видео)
(last modified Tue, 29 Jan 2019 07:13:44 GMT )
Январ 29, 2019 12:13 Asia/Tashkent

90 даражага ағдарила оладиган дунёдаги энг ғаройиб кема

АҚШнинг Skripps океанография институти ихтиёрида шу вақтгача олимлар томонидан яратилган дунёдаги энг ғаройиб тадқиқот кемаси мавжуд. Корпусининг узунлиги 108 метр бўлган мазкур кема қисман чўкиб, вертикал ҳолатда тура олади. Кеманинг ички жиҳозлари унинг ходимлари учун ҳар қандай ҳолатда қулай қилиб лойиҳалаштирилган. 

FLIP илмий-тадқиқот кемаси 1962 йилда сувга туширилган. У турли океанографик тадқиқотлар учун мўлжалланган, хусусан, сейсмик тўлқинларни ва океандаги шовқинларни, иссиқлик алмашиш жараёнларини ва бошқа кўплаб ҳолатларни ўрганиш. Кема бугунги кунда ҳам муваффақиятли ишламоқда.

FLIP мустақил ҳаракатлана олмайди ва бошқа бир кема уни шатакка олиб тадқиқот жойига олиб боради. Кема ҳолатини барқарорлаштириш учун лангардан фойдаланилади.

Энг ғаройиби кема ичидаги жиҳозларнинг жойлашиши ҳисобланади. Деярли барча жиҳозлар икки хил ҳолатга эга ва кеманинг вертикал ёки горизонтал ҳолатда эканлигига қараб мослаша олади. Бундан ташқари, ҳар бир хонада перпендикуляр ҳолатда жойлашган иккитадан эшик бор.