Андижонда врачга қўл кўтаришди (видео)
Тиббиёт ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳақида қонун долзарб(ми!?)
Шифохона ва ИИБ ходимлари маълумотларига таянган ҳолда рўй берган салбий воқеа тафсилотларига тўхталамиз:
25 январь куни ярим кечаси салонида уч киши бўлган “Кобалт” автомашинаси Андижоннинг Хортум қишлоғи атрофида ҳайдовчи Д.Т. маст эканлиги сабаб йўл транспорт ҳодисаси содир этади. Автомашина бошқарувида унинг эгаси эмас, балки дўсти бўлган. Симёғочга урилиб дабдала бўлган “Кобалт”нинг салонидаги уч кишидан бири кучли яна бири енгил тан жароҳати олган эди.
Улардан иккитаси республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали қабулхонасига тунги соат 1:18да кириб келишади. Мурожаат этувчиларни муассаса навбатчи шифокорлари шошилинч кўрикдан ўтказганларида улардан бирининг сон суяги синганлиги аниқланади.
Маълумки, сон суяги синганда бемор кўп қон йўқотиб, “шок” ҳолатига тушади. Шифокорлар беморга зудлик билан реанимацион чора-тадбир қўллаш учун уни жонлантириш бўлимига йўналтиришган. Бемор билан бирга келган маст ҳолатдаги Д.Т эса шифокорларга: “Нега реанимацияга олиб кирасанлар? У оғир касал эмас, мен уни уйга олиб кетаман” дея бақириб, халақит бера бошлайди. Касални шифокорлар “жонлантириш” бўлимига олиб кириб муолажани бошлайдилар. Д.Т. эса аввал рентгенолог врачни ёнига кириб уни бўғиб уради. Яхшиям ёрдамчи кириб, ходимни ажратиб қолади. Сўнг, йўлакда навбатчи врач Р.Мга мушт отади. Оқибатда, ҳар икки тиббиёт ходими турли даражадаги тан жароҳати олган. Бу орада ИИБга хабар берилади ва улар келиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргач, қонунбузарни Андижон туман ички ишлар бўлимига олиб кетадилар. Бемор эса РШТЁИМ Андижон филиалида даволаш жараёнида. Ҳодиса бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.