Қашқадарёда йўл инспекторлари «қоидабузар» аёл ҳайдовчиларни байрам билан табриклади (фотожамланма)
Қашқадарёда йўл инспекторлари «қоидабузар» аёл ҳайдовчиларни байрам билан табриклади
Қашқадарё вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёл ҳайдовчиларни байрам билан қутламоқда.
Қарши шаҳрининг марказий кўчаларидан бири Ислом Каримов кўчасида йўл инспекторлари томонидан бирин-кетин тўхтатилаётган аёл ҳайдовчиларга дастлаб қоидабузарлиги тушунтирилди. Маъмурий баённома тузиш мақсадида ҳужжат сўраётган инспекторларга ҳужжат тақдим қилишга киришган аёл ҳайдовчиларга жавобан йўл инспекторлари 8 март байрами билан табриклаб, йўл ҳаракати қоидалари акс этган китоб ҳамда гул совға қилишди. Бу эса ҳайдовчилар ҳайратига сабаб бўлди.
«Тўғриси, биринчи маротаба йўл инспекторларидан табрик қабул қилдим, — дейди ҳайдовчи Малика Ғуломова. – Жудаям қувонтирди. Бу юртимизда аёлларга бўлган эътиборнинг яна бир нишонаси деб ўйлайман. Раҳмат шунча эътибор қилишгани учун».
«8 март байрами арафасида аёл ҳайдовчиларимизни қутлаш мақсадида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад, аёл ҳайдовчилар ҳушёрлиги ошириш ва аёлларимиз барча касб эгалари қатори йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари учун ҳам қадрли эканлигини яна бир бор кўрсатишдан иборат», — дейди Қашқадарё вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати ходими Жавлон Бахтиев.