Дунё ва охират саодати нимада?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Набий алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Набий алайҳиссалом: “Ғазаб қилма!” дедилар. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазаб қилма!” дедилар». (Имом Бухорий ривояти).
Жаннатдан умидвор ҳар бир мўмин ўзини ғазаб ҳукмига топшириб қўймаслиги керак. Чунки бу иллатга берилиб ҳаром ишларга қўл уриши мумкин. Ғазабни ютиш ҳамда авф этиш тақводор ва комил имонлиларнинг сифати.
Ғазабга тез берилувчи кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлишса-да, заиф ҳисобланишади. Ушбу ҳақиқатни ҳадиси шариф баён этган: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ғазаб инсонга жисмий, моддий, хулқий, маънавий, руҳий, диний йўқотишлар каби зарарларни етказади.
Ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ўзгалар мусибатидан қувонтиради. Натижада одамлар орасига зулм оралайди. Яқинлар, ёру дўст ораси бузилади. Киши ғазаб устида қилган ишига ҳам жавоб беради. Масалан, бировнинг нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қонун олдида жавоб беради. Оғзидан куфр калимаси чиқса, муртад, яъни диндан қайтган бўлади. Ичган қасами ҳам ўтади. Яъни дарғазаблик унинг учун узр бўлолмайди.
Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутиши, кечиримлиликни афзал билиши лозим. Ҳадиси шарифда: “Ғазаб қилишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради”, деб марҳамат қилинган (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти); “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи имон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривояти). Имом Абу Довуд ривоятида: “Аллоҳ уни омонлигу имон билан тўлдиради”, дейилган.
Ғазаби қайнаган киши биринчи навбатда: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм” деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. “Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир” (Аъроф сураси, 199-оят).
Кейин эса ҳолатини ўзгартириши лозим. Чунки ҳадисда: “Ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!” дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя хатти-ҳаракат қилишдан тийилади, ҳолати бунга йўл қўймайди.
Ғазаб келганда сукут сақлаган яхши. Чунки кишининг оғзидан чиқаётган гаплар кўпинча унинг ғазабини оширади ёки афсус-надомат келтиради. Ҳадисда: “Ким ғазабланса, сукут қилсин!” деб уч бора такрорлаган (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳорат. Ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Ҳадиси шарифда: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Ғазаб шайтондан. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).