Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистонда яна ов қилди (фото, видео)
Дубай амирлигининг тахт вориси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум бошчилигидаги делегация 13 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Мартабали меҳмон лочин билан ов қилиш мақсадида Навоий шаҳрига учиб келди. Бу шаҳзода учун анъана бўлиб қолган ва у ҳар йили Ўзбекистонга шу мақсадда келади.
Шаҳзода Ҳамдан бошчилигидаги делегация лочинлар билан шу ҳудудда тувалоқларни овлади ва бу ҳақдаги видеолавҳани Twitter саҳифасига жойлади.
Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдонни эгаллаган «Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази» (АЙТАМ) жойлашган.
Марказ БАА вице-президенти, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йил апрель ойида ташкил этилган.
АЙТАМ фаолиятининг асосий мақсади — Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлаш, уларни кўпайтириш, асраш, ҳамда ҳар йили қушларни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш каби тадбирлар мажмуасидан иборат.
Қушларни ёввойи табиатга учириш мавсуми асосан сентябрь—октябрь ойлари ҳисобланади. 2012 йилдан шу вақтга қадар марказ томонидан табиатга 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.