феврал 08, 2020 11:57 Asia/Tashkent
  • Хитойдан келтирилган ўзбекистонликлар қандай шароитда карантин ўтамоқда? (фотожамланма)

Аввал хабар берилганидек, Хитойдан учта чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, касалликнинг яширин даври — 14 кун давомида тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, ушбу муассасаларга жойлашган фуқаролар бу ердаги яратилган шарт-шароитлардан мамнун. Мисол учун, «Бўстон» санаторийсига 4 февраль, сешанба куни, Пекиндан олиб келинган 250 нафар фуқаро жойлаштирилди. Мазкур тадбирларга тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган соҳанинг етакчи ва тажрибали мутахассислари жалб этилди.

— Хитойдаги нуфузли университетда ўқийман. Коронавирус эпидемияси туфайли бошида жудаям хавотирландим. Шундай қийин пайтда Президент ташаббуси билан чартер рейси ташкил этилди, — дейди навоийлик Меҳриддин Зоиров. — Биз жойлашган муассасада барча зарурий шароитлар яратилган, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланган. Келган фуқароларнинг кийимларини сифатли ювиш учун кирхона, тиббий анжомларни стерилизациядан ўтказиш учун алоҳида пункт ва автотранспорт учун дезинфекция майдони ва дезинфекцион воситалар захираси яратилган.

Дарҳақиқат, тиббий кузатувдаги фуқароларни термометриядан ўтказиш, ниқобларни ўз вақтида алмаштириш ва хоналарни шамоллатиш ҳамда намли тозалаш ишларининг ўтказилиши малакали эпидемиологлар томонидан назоратга олинган. Юқумли касалликлар шифокорлари томонидан икки маҳал тиббий кўрик ўтказилмоқда.

Шунингдек, дезинфектор мутахассислар томонидан кунига икки маҳал ётоқхоналар, ваннахоналар ва ошхона зарарсизлантирилмоқда. Ошхонада ишлатилган идиш-товоқларни зарарсизлантириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар вақтинча тўхтатилган. Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келаётган йўловчилар 12 та аэропорт, 5 та темир йўл ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги 53 та санитария-карантин пунктида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Тошкент давлат стоматология институти маъмурияти биносида call–марказ ташкил этилиб, унда Хитойдан олиб келинган ўзбекистонликлар ўз оила аъзолари, яқинлари билан 30 га яқин видеоконференция алоқа воситалари ёрдамида тўғридан-тўғри мулоқот қилиши мумкин.

 

Ёрлиқ