март 28, 2020 20:24 Asia/Tashkent
  • Коронавирус юқтириб олган машҳурлар (фотожамланма)

Коронавирус юқтириб олганлар сони дунё бўйича 600 мингдан ошди. Улар орасида сиёсат арбоблари, амалдорлар, кино актёрлари ва мусиқачилар ҳам бор. Reuters агентлиги коронавирусга чалинган машҳурлар ҳақида фоторепортаж тайёрлади.

 

27 март куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонда коронавирус аниқланди. Айни вақтда уйда изоляцияга олинган сиёсатчи ҳукуматни видеоконференсалоқа орқали бошқаришда давом этмоқда.
25 март куни Британия тахти вориси — 71 ёшли шаҳзода Чарльзда ҳам коронавриус аниқланган. Айни вақтда шаҳзода ва рафиқаси ўзини изоляция қилган.
Жинсий зўравонликда айбланиб қамоқ муддатини ўтаётган собиқ кинопродюсер Харви Вайнштейнда 23 март куни коронавирус аниқланди. 68 ёшли Вайнштейн қамоқхонанинг изоляторига олинган.
Британиялик актёр Идрис Элба 16 март куни унда коронавирус аниқлангани ҳақида Twitter орқали маълум қилди. Коронавирусга чалинган одам билан мулоқот қилгани маълум бўлганидан сўнг у тест топширган ва тест ижобюий чиққан. Идриснинг хотини Сабрина эрини яккалаб қўйишдан бош торди ва бир ҳафтадан сўнг унда ҳам коронавирус аниқланди.
19 март куни Монако князи Албер II да коронавирус аниқлангани маълум қилинди. У COVID-19 юқтириб олган биринчи давлат раҳбари бўлди. Княз Албер ўз уйидаги офисида иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Испаниялик опера қўшиқчиси Пласидо Доминго 22 март куни коронавирус юқтириб олганини маълум қилди. Унинг айтишича, йўтал тутиб, ҳарорати кўтарилганидан сўнг тест топширишга қарор қилган, натижа эса ижобий чиққан. Доминго ҳозир оиласи билан карантинда.
NBA баскетболчиси, «Бруклин Нетс» ҳужумчиси, АҚШ термаси сафида жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлган Кевин Дюрантда 17 март куни коронавирус аниқланди.
«Ҳаёт-мамот» (Lost), «Гавайи 5.0» сериалларидаги роли билан танилган актёр Даниэль Де Ким 19 март куни коронавирус юқтириб олганини эълон қилди.
«Тахтлар» ўйинидаги Тормунд роли билан танилган Кристофер Хивюда коронавирус аниқланганидан сўнг у Норвегияда оиласи билан бирга уй шароитда изоляцияланган.
Канада бош вазири Жастин Трюдонинг рафиқаси София Лондондан қайтганидан сўнг унда касаллик симптомлари пайдо бўлди. 12 мартда топширган тести унда коронавирус борлигини кўрсатди.
Руди Гобер коронавирус аниқланган биринчи NBA баскетболчиси бўлди. Шундан сўнг NBAда барча учрашувлар қолдирилди. COVID-19 аниқланишидан олдинги матбуот анжуманида баскетболчи коронавирус атрофидаги ваҳималар устидан кулиб, барча микрофонларга тегиниб чиққанди. 
«Арсенал» бош мураббийи Mикел Артетада 12 март куни коронавирус аниқланди. Шундан сўнг Лондон клуби икки ҳафталик карантинга жўнатилди. Ҳозир мураббий ўзини соғлом ҳис қилаётганини айтмоқда.
«Ювентус» ҳимоячиси Даниэле Ругани коронавирус юқтириб олган Италия А Сериясининг биринчи футболчиси бўлди. Унда 11 март куни коронавирус аниқланди. Кейинроқ унинг жамоадоши Блез Матюдида ҳам коронавирус аниқланди.
Даниэле Ругани ва Блез Матюидидан сўнг «Ювентус»нинг яна бир футболчиси Пауло Дибалада ҳам  коронавирус аниқланди.

 

Ёрлиқ