май 28, 2020 07:47 Asia/Tashkent
  • Кирмоншоҳ. Ҳашилон ботқоқлиги.
    Кирмоншоҳ. Ҳашилон ботқоқлиги.

Эрон табиатининг жозибали масканларидан бири ва мамлакатнинг энг муҳим сув экосистемаларидан бири Ҳашилон ботқоқлигидир.

Ери торф қатламларидан иборат бу ботқоқликни мутахассислар табиатнинг бир нав хатоси деб аташади. Зеро, иқлими иссиқ ва қуруқ бӯлган минтақада қутбга хос ботқоқликнинг мавжудлиги ажабланарли ҳодиса ҳисобланади.

Бир неча минг йиллик тариъхга эга гӯзал Ҳашилон ботқоқлиги Кирмоншоҳ шаҳридан 26 километр узоқликдаги Ҳашилон қишлоғида жойлашган. Ҳашилон сӯзи маҳаллий(курд) тилидаги ҳаши-илон, лон-ин сӯзларининг бирикувидан ташкил топган бӯлиб, “Илонлар ини” маъносини билдиради. Ботқоқликнинг бундай номланишига сабаб унда илонлар, айниқса, сув илонлари жуда ҳам кӯплигидир.

Эрон ва минтақада энг қадимий ҳисобланган торфли Ҳашилон ботқоғи Ер шарининг шимолий ярим шарига хос бӯлиб, унинг иссиқ ва қуруқ иқлимли минтақада вужудга келиши мутахассисларни ҳайратлантириб келади.

Катта-кичик оролларни қамраб олган Ҳашилон ботқоқлиги Эрон Табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан қӯриқланадиган минтақа ҳисобланади. Ботқоқликнинг суви Сабз Али чашмаси ва баҳор ёмғирлари ҳисобига таъминланади. Қиш ва баҳор фаслида ундаги 110та катта-кичик ороллар сувнинг тагида қолади.

Ҳашилон қамишзорлари

Ботқоқликда турли-туман гиёҳлар ӯсади. Баланд қамишзор билан қопланган бу минтақада сув нилуфари ва сув келинчаги каби гулларни кӯплаб учратиш мумкин. Бунда жуда тарқоқ ҳолда ӯсган толдан бошқа дарахт тури учрамайди. Ҳашилон атрофидаги баланд ӯтлоқзор турли хил ҳайвон ва ҳашаротларнинг яшаши учун муносиб шароитни вужудга келтирган.

Ҳашилон муҳожир паррандаларнинг ҳам севимли маконидир. Тадқиқотларнинг натижаларига кӯра ҳар йили кузги ёмғирлар бошланиши билан Ӯрта Осиёдан кӯплаб паррандалар бу ботқоқликка учиб келади. Об-ҳаво шароити муносиб кӯрилган пайти улар Ҳашилонда қишлаб қолишади. Аммо ботқоқликнинг ҳаво ҳарорати жуда совуқ бӯлган кезлари Эроннинг жанубий минтақаларига учиб кетишади.

Ҳашилон ботқоғининг паррандалар дунёси хилма-хил. Бунда ӯрдак, ғоз, лайлак, бургут, кичик бойӯғли, сунқур, фламинго, ҳудҳуд, каклик, бедана, чумчуқ, қора қарға каби кӯплаб паррандаларни учратиш мумкин.

Ҳайвонот оламининг ишқивозлари эса Ҳашилонда Эрон йӯлбарси, бӯри, тӯнғиз, тулки, қуён, чиябӯри, тоғ эчкиси ва ёвойи мушукни учратишлари мумкин. Ботқоқликда шунингдек илон, балиқ, қисқичбақа, калтакесак  ва тошбақанинг бир неча тури яшайди.

Ҳашилонга саёҳат қилишнинг энг муносиб пайти баҳор фаслидир.

 

 

 

 

 

Ёрлиқ