15 хурдод қӯзғолони
Эрон Ислом жумҳуриятининг асосчиси Имом Хумайний (рҳ) риҳлат этганларига 31 йил тӯлди.
Имом Хумайний Илоҳий қадриятларга иймон келтирган курашувчан шахсият эдилар. Шу сабабли муборак ҳаётларининг аксарият қисми инқилобий кураш ва самовий қадриятларни ҳимоя қилишга сарфланди.
Эрон халқининг мустабидларга қарши кураш тарихида инқилобий бирлашувининг шаклланиши йўлида бурилиш нуқтаси бўлган 15 –хурдод қўзғолони ҳам имом Хумайний (рҳ) сиёсий курашларининг мевасидир.
Имом Хумайний (рҳ) Қумдаги Файзия мадрасасидаги ўзининг ошкора нутқида шоҳ режими ҳамда унинг Исроил ва Америкалик арбобларининг жиноятларини фош этди. Шундан сўнг, ҳижрий шамсий 1342 йилнинг 15-хурдод куни милодий ҳисоб билан 1963 йилнинг июн ойида Шоҳ режимининг гумашталари Имом Хумайний (рҳ)нинг эътирозларини бартараф этиш учун ул ҳазратни қўлга олиб, Теҳронда қамоққа ташлашди. Шу куни 15 минг нафар инқилобий мусулмон қонга беланди. Шундай қилиб 15-хурдод куни Эрон ислом инқилоби тарихида қонли воқеа тарзида қайд этилди. Эрон халқининг курашлари тарихида 15-хурдод қўзғолони муҳим ва ҳал этувчи ҳодиса эди.
Эроннинг сиёсий тарихи зўравон ва мустабид тузумларга қарши бўлган ҳодисалардан тўлиб тошган ва буларнинг барчаси чиндан ҳам Эрон халқи курашларининг кўрсаткичлари ҳисобланади. Ушбу тарих давомида Эрон ички ишларига Американинг аралашиш ҳолатлари мисли кўрилмаган даражада бўлган. Милодий 1953, ҳижрий –шамсий 1332 йилнинг 28-мурдод ойидаги давлат тўнтариши ва қатор сиёсий воқеалар ҳамда империалистларнинг капитуляцион режимини ӯрнатиши милодий 1954 йилнинг август ойи, ҳижрий –шамсий 1342 йил 15 хурдоднинг қонли воқеасига сабаб бўлди. Ушбу қонли воқеа Исломий Инқилобнинг юзага келиши ва ғалабаси учун муҳим рол ўйнади.
Имом Хумайний (р.а) 15-хурдод қўзғолони ҳақида шундай деган эдилар:
"Ошуро куни каби мазлум халқнинг умумий азо куни ҳисобланган 15 хурдод куни қаҳрамонлик куни, ислом ва мусулмонларнинг қайта туғилиш кунидир. Қаҳрамонликнинг тажаллийси бӯлган 15 хурдод кунини улуғлаш тарих давомида инсоний қадриятларни улуғлаш куни ҳисобланади. 15 хурдод қӯзғолони қудратли шоҳ режими деган иборанинг чӯпчакдан бошқа нарса эмаслигини фош этиб, бу ҳақдаги афсона ва афсунларни йӯққа чиқарди. Ӯша кунги жасоратли йигитлар, эркак ва аёлларнинг шаҳодати шайтоний қудрат пойдеворини ларзага келтирди. Оддий халқдан чиққан фидоийлар қони зулм-ситам қасрларини титратди. Ӯзининг жондан азиз фарзандлари қонини нисор этган шонли халқ келажак авлодлар учун қӯзғолон ва кураш йӯлини очиб берди, бӯлмайдиган ишларни бӯлдирди".
15-хурдод қўзғолони шуни кўрсатдики, қудрат соҳиби бўлган диктаторлар томонидан эзилган, зулм-зўравонлик кўрган ҳар бир миллат фақат ўз иродаси билан зулм-ситамга қарши курашиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши мумкин. 15—хурдод бу юрт ёшларининг пок қони билан беланган бўлсада, муборак тақдир варақлаган кун эди. Бу кун жамият сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги улуғ ўзгаришлар куни бўлди.
Исломий жумҳурият асосчиси "15—хурдод қўзғолонининг энг муҳим фазилати Эронда илдизлари чириб битган , аммо ичига сомон тиқилган дала қўриқчиси каби ваҳимага солиб турган шоҳ режими ҳайбатининг синдирилиши эди", деб илова қилган эдилар. Ўзини жуда қудратли деб ўйлаган, аммо чириб, ичи кавак бўлиб қолган шаҳаншоҳлик режими миллий ваҳдатнинг бир турткиси билан ағдарилиб, йўқ бўлди. 15-хурдод қўзғолони халқ орасидан етилиб чиққан ҳақиқий исломий ҳаракат эди. Бу ҳаракатнинг исломийлиги унинг раҳбарининг Қум исломий илмий даргоҳидан чиққан улуғ фақиҳ эканлигидан ҳам маълум.
Имом Хумайний (ра) ҳазратлари раҳбарлигида шоҳ режими томонидан йиллар давомида талқин қилинган диннинг сиёсатдан айрилигига барҳам берилди. Мусулмон Эрон халқи давом эттирилиши худди намоз ва рўза каби фарз бўлган кураш йўлига қадам қўйдилар. Бу кураш ғояси ислом, унинг услуби эса Қуръони карим, Расулуллоҳ (сав) суннати ва аҳли байт услубида эди.
15-хурдод қўзғолонининг ўзига хос бўлган муҳим хусусияти Имом ҳазратларининг инқилоб пешвоси сифатида юзага келиши эди. Имом ҳазратларининг шоҳ режимига қарши кураш услуби бошқа барча режимларга қарши курашувчилар услубидан фарқ қиларди. 15-хурдод қўзғолони ихлос юзасидан диний вазифасини бажариш, ҳамда диний масъулиятини адо этиш ҳаракати эди.
15-хурдод қўзғолонининг яна бир ўзига хос бўлган хусусияти унинг халқчиллигида эди. Бу ҳаракат аҳолининг маълум бир табақасига тегишли эмас эди. Унда шаҳарликдан тортиб, қишлоқ аҳолисигача, тадбиркордан тортиб талабагача, эркак-аёл, ёшу-қари, барча аҳоли қатнашди. Аҳолининг барча табақаларини курашга чорлаган, уларни ўзаро бирлаштирган нарса ислом эди.
Эрон халқи Имом Хумайний (ра) ҳазратлари таълимотидан мустақиллик мафкурасини ўрганди. Бу мафкура 15—хурдод қўзғолонини вужудга келтирди ва бу қиём ривожлана бориб, исломий инқилоб ғалабасини таъминлади. Бу мафкура бугунги кунда ҳам Эрон ислом жумҳурияти тараққиётининг асосий омили бўлмоқда. Америка шу сабабдан ярим асрдан кўпроқ вақтдан бери Эрон халқига қарши душманлик сиёсатларини давом эттирмоқда. Негаки, Эрон исломий тузуми яккаҳукмронлик ва зулмга қарши эканлигини билади.