Нидерландиядаги ресторанда робот официантлар мижозларга хизмат кўрсатишади
АP хабарига кўра, Нидерландиядаги хитойликларнинг Royal Palace ресторанида мижозларга робот официантлар хизмат кўрсатишни бошлайди.
Маълумотларга кўра, робот официантлар Ренессе шаҳрида жойлашган ресторанда коронавирус пандемияси бошланишидан олдинроқ пайдо бўлган. Ресторан эгаси роботларни 2019 йилнинг кузида Хитойдан сотиб олган. У ўзининг ушбу хариди орадан бир неча ой ўтгач қанчалик фойда келтиришини тасаввур ҳам қилиб кўрмаган: робот официантлар коронавирус инфекцияси ва қаттиқ карантин чоралари вақтида керак бўлди.
Таъкидланишича, эндиликда ресторан бўйлаб иккита ажойиб оқ-қизил роботлар ҳаракатланмоқда. Улар ресторан очилиши билан таом ва ичимликларни тарқатиш, шунингдек, ишлатиб бўлинган идиш-товоқларни қайтариб олиб келиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, улар мижозлар билан саломлашишга ҳам қодир.
Янги қурилмалар ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя қилишга ёрдам беради. Мижозлар ва ресторан ходимлари бир-биридан 1,5 метр оралиқ сақлайди.
Маълумотларга кўра, Нидерландияда ресторанлар икки ойлик танаффусдан сўнг 1 июндан бошлаб очилган. Ресторанга ташриф буюрувчи мижозлар сони бир вақтнинг ўзида 30 кишидан ошмаслиги керак.