Эрон табиатининг жозибали манзаралари (17)
Миср чӯли
Шубҳасиз Эронни дунёдаги об-ҳавоси энг ёқимли мамлакатлардан бири деб ҳисоблаш мумкин. Бунда тўрт фаслни бир вақтнинг ўзида турли жойларда ўтказиш имконияти мавжуд. Аммо Эрон табиатининг энг гўзал ва ажабланарли кўринишларидан бири унинг чўлларидир. Бу чӯлларга бир марта сафар қилсангиз, унинг ажабтовур хотиралари бир умрга зеҳнингизда муҳрланиб қолади. Миср чўли эса Эроннинг гӯзал чӯлларидан биридир.
Ажойиб ва кӯнгилга тасалли бахш этадиган дилкаш манзарали кенг жойлар. Миср чўлининг гўзаллиги - бу қумликларнинг бироз наридаги саксовул буталари ва қамишзор билан қӯшнилигидир. Чӯлни ёқтирмасангиз ҳам, Миср чӯлини кӯздан кечиргач, албатта унинг ошиғи беқарорига айланиб қоласиз. Табиатнинг ушбу нотакрор ҳодисаси билан танишиш учун бугунги дастурда бизга ҳамроҳлик қилинг.
Миср - Эроннинг Исфаҳон вилоятидаги Жандақ шаҳридан 45 км узоқликда жойлашган чўл қишлоғининг номи. 120 киши яшайдиган бу қишлоқ ўзига хослиги ва гўзал табиий манзаралари туфайли Эроннинг энг жозибали сайёҳлик минтақаларидан бирига айланган. Қишлоқнинг лойсувоқ деворлари, гумбазли лойсувоқ томлари ва ёғоч эшикларининг ҳар бири чўл табиати билан алоҳида уйғунликда. Қишлоқдан бор-йӯғи 5 км нарироқда кенг ва ям-яшил қамишзорларнинг солланиши, унинг атрофида эса қумтепаларнинг мавжудлиги саҳро қалбида ички ва чет эллик сайёҳларни жалб қилган омиллар ҳисобланади.
Кӯнглингизда нега бу қишлоқни “Миср” деб аташган, деган савол пайдо бӯлиши табиий. Бу ҳақда ривоятлар кӯп. Шулардан энг машҳури қишлоқда яшаб ӯтган Юсуф исмли киши ҳақида. Айтишларича, Юсуф яшаган пайти қишлоқ сувдан танқислик чекарди. У чуқур қудуқ қазиб, сув чиқарди. Қишлоқни сероб қилгач, одамлардан ҳазрат Юсуф ҳурматига қишлоқни Миср деб аташларини сӯради. Ҳамқишлоқлари унинг таклифини ерда қолдирмадилар.
Исфаҳоннинг Миср чӯлидаги диққатни жалб қилувчи энг муҳим нарса бу сариқ рангдаги қум тепаларидир. Битта жойда туриб, сариқ қумларни кўз кўргунча томоша қилиш жуда унутилмас лаззат бахш этади. Бу атрофдаги қум шунчалик силлиқки, оёқ кийимингизни ечиб, ялангоёқ юришингизга тўғри келади. Бармоқларингиз ораларидани илиқ, силлиқ қумнинг оқиб тушиши ҳаётингизда тажриба қилиб кӯрган унутилмас кайфиятлардан бирига айланиши табиий.
Чексиз сариқ тепаликларни томоша қилиш ва саҳрода сайр қилиш бу чўлнинг ягона ажойиб жозибаси эмас, албатта. Миср чўлининг кечалари бунданда фараҳли, бунданда жаззоб... Бунда кечаси сиз юлдузлар байрамига таклиф қилинасиз. Осмонга бир марта назар ташлаган киши ундан кӯз узолмайди. Юлдузлар баъзида шунчалик яқин кӯринадики, худди қӯлингизни узатиб бир нечтасини териб, қӯйнингизга соладигандек. Кўплаб эронлик ва чет эллик мунажжимлар ўзларининг кузатув амалиётлари учун очиқ ва қоронғи осмонли Миср чӯлини танлайдилар. Шунингдек, кўплаб фотосуратчилар бетакрор чўл табиатини суратга тушириш учун бу ерга келишади.
Миср чӯлининг гӯзалликлари шу билан тугамайди. Бу саҳрода Эроннинг энг йирик мавсумий туз кӯли – Намакхур кӯлини ҳам томоша қилиш мумкин. Бу минтақада ӯсимликлар ва тирик жонзотларни учратмайсиз. Зеро, бундаги шӯр тупроқ ӯсимлик ва жониворларнинг яшаши учун муносиб эмас.
Ушбу кӯлда сизни энг ҳайратлантирадиган нарса туз бешбурчакларидир. Бу бешбурчакли шакллар қишда рангсиз бӯлиб, ёзда бутунлай оппоқ рангда жилваланади..
Умуман олганда, Миср чўли иссиқ ва қуруқ иқлимга эга. Ёзда чўл об-ҳавоси жуда иссиқ ва чидаб бўлмас даражада бӯлиб, бу мавсумда илонлар, чаёнлар, қорақуртлар ва бошқа заҳарли жониворлар кӯплиги сабабли саёҳат қилиш хавфлидир. Аммо шунга қарамай ёзда бу минтақага сафар қилмоқчи бӯлсангиз, жуда эҳтиёт бўлинг ва таниш одам билан биргаликда саёҳат қилишни унутманг. Лекин, барибир, хавф-хатарнинг кӯплиги сабабли ёзда Миср чӯлига боришдан сақланиш тавсия этилади.
Куз ва қишда чӯлнинг об-ҳавоси кундузи юмшоқ ва мӯътадил, аммо кечаси совуқ бўлади. Шу сабабли, кўплаб сайёҳлар Миср чўлига саёҳат қилишнинг энг яхши вақти куз ва қиш фаслидир, деб ҳисоблашади, чунки қишда муътадил иқлимдан ташқари илонлар, чаёнлар ва қорақуртлар қишлаш ҳолатида бўлгани учун хавфли бўлмайди.