Меҳрибонлик имоми мотамида
(last modified Fri, 16 Oct 2020 10:52:01 GMT )
октябр 16, 2020 15:52 Asia/Tashkent
  • Меҳрибонлик имоми мотамида

Имом Ризо (а) шаҳодат кунларига бағишланган махсус дастур Саккизинчи имомнинг шаҳодат кунларини барча мусулмонларга тасаллият изҳор қиламиз.

“Аллоҳим, тақволи, пок, ер юзидаги ва ер остидаги  одамларга сенинг ҳужжатинг бӯлган имом Али бин Мусо Ризо алайҳиссаломга комил, баракотли ва изчил раҳмат юборгин. (Авлиёларингдан бирига юборган энг яхши раҳмат каби).

Имом Ризо (а)нинг Машҳад шаҳридаги мутаҳҳар марқадлари бутун дунё мусулмонлари, хусусан шиалар зиёратга келадиган муқаддас маскан ҳисобланади.

Ҳар йили шу кунларда дунёнинг турли бурчакларидан юз минглаб турли миллат ва маданият вакиллари Аллоҳ  Расулининг пок неваралари ва аҳли байтга ӯзларининг муҳаббат ва эҳтиромларини баён қилиш учун ҳазрат Али бин Мусо Ризо(а)нинг руҳоний ҳарамларида тӯпланишарди.

Ҳазратнинг жуда кӯп ихлосмандлари ӯз шаҳар ва қишлоқларидан муқаддас Машҳад сари пиёда йӯл олишади. Афсуски, бу йил коронавирус тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида Имом Ризо (а) мухлислари учун бир қатор чекловлар жорий қилинган. Бугун зиёрат илинжидаги ӯн минглаб кишилар ӯзлари ва атрофидагиларни коронавируснинг манфур вабоси чангалидан омон сақлаш мақсадида Имом Ризонинг мутаҳҳар ҳарамларига дилларини юборишган. Улар улуғ имомга узоқ йӯлдан туриб салом ва эҳтиромларини йӯллашади:

اَللّهُمَ صَلِّ عَلی علی بن مُوسَی الِّرِضا المَرُتَضی اَلاِمامِ التَّقیِّ النَّقیِّ وَ حُجَتِکَ عَلی مَن فَوقَ الاَرضِ و َمَن تَحت الثَّری اَلصِدّیقِ الشَّهیدِ صَلاةً کَثیرَةً تآمَّةً زاکِیَةً مُتَواصِلَةً مِتَواتِرَةً مُتَرادِفَة کَاَفضَلِ ما صَلَّیتَ عَلی اَحَدٍ مِن اولیائِکَ

“Аллоҳим, тақволи, пок, ер юзидаги ва ер остидаги  одамларга сенинг ҳужжатинг бӯлган имом Али бин Мусо Ризо алайҳиссаломга комил, баракотли ва изчил раҳмат юборгин. (Авлиёларингдан бирига юборган энг яхши раҳмат каби).

Ҳазрат Али бин Мусо Ризо (а), ҳазрат Мусо бин Жаъфар(а)нинг фарзандлари орасида энг каттаси, донишманди, шарофатли,   муқаддас ва зоҳиди эди. Отасидан сӯнг у мусулмонларнинг имомати ва раҳбарлиги масъулиятини ӯз зиммасига олди.

Имом Ризо (а) йигирма йиллик имомат даврининг 17 йилини Мадинаи мунаввара шаҳрида ӯз аҳли байти   ёнида ӯтказди. Бу муқаддас шаҳардан туриб бутун дунё мусулмонларига раҳбарлик қилди ва уларни ҳидоят этди.

Ҳазрат отасининг шогирдларини жамлаб, улуғ бобоси Имом Жаъфар Содиқ ташкил этган илмий ҳавзани қайта йӯлга қӯйишга муваффақ бӯлди. Имом Ризо барча моддий ва маънавий жабҳаларда ӯз замонасининг раҳнамоси эди. Шу сабабли Ҳижознинг ҳама ижтимоий ва сиёсий шахсиятлари ул ҳазратнинг таъсирида эдилар.

Маъмун зоҳиран валиаҳдликни тортиқ айлаганида Имом ҳазратлари дедилар: "Бу ерда валиаҳдга айланишим, фикримча, менинг мавқеимни оширгани йӯқ. Чунки  Мадинада эканлигимда     менинг мактубим Ислом ҳукуматининг шарқий ва ғарбий қисмларига етиб борарди. Унда мендан кўра азизроқ одам йӯқ эди. Кимнинг ҳожати бўлса, уни мендан сўраган ва мен имкони борича муҳтожларнинг эҳтиёжларини қондирганман".

Имом Ризонинг Мадинадан Марвгача бўлган ҳаракати ул ҳазрат   ҳаётидаги гўзал давралардан биридир. Ул ҳазратни олиб кетаётган карвон қаерга бориб тӯхтаса,  Пайғамбар алайҳиссаломнинг набирасини зиёрат қилишга муштоқ бӯлган  одамлар   кутиб олишарди. Нишопур Имом Ризо (алайҳиссалом) йўлидаги шаҳарлардан бири эди. Илмий марказга эга бўлган бу шаҳарнинг   одамлари, айниқса унинг олимлари ва донишмандлари Пайғамбаримиз аҳли байти таълимотини кӯпроқ билишга ташна эдилар.

Саккизинчи имом оддий кийимда, жозибали, маънавий ва виқорли бир тарзда одамлар олдида ҳозир бӯлди.  Имом ҳазратлари бутун вужуди қулоққа айланган халойиққа юзланиб, Ягона Аллоҳга эътиқоднинг энг асосий қоидасини Расулуллоҳ (с) Жаброил Амин орқали ва у Қодир Худонинг сўзларини келтирган ҳолда  эълон қилди: "   «لا اله الا الله »менинг қалъам. Уни айтган киши менинг қалъамга киргандир. Қалъамга кирган киши эса менинг азобимдан омондадир."

Имомнинг ахлоқий фазилатлари, зоҳидлиги ва тақводорлиги  ҳатто душманларини ҳам мафтун этган эди. У одамларга хушмуомалалик, камтарлик ва камоли меҳр билан муносабатда бўлар,   ўзини ҳеч қачон халқдан ажратмасди. Имом Ризо (а ) 35 ёшида мусулмонларнинг раҳбарлиги учун масъул бўлди ва бу муддат 20 йил давом этди. У юксак ахлоқий баркамолликка эришди ва унга Худодан келган ҳамма нарсадан рози эди.

Имомнинг ёронларидан бири айтади: "Мен ҳеч қачон Имом Ризо(а) нинг нутқида бировни ёмонлаганини ёхуд   бировнинг ҳали тугамаган гапини тўхтатганини кўрмаганман. У қӯлидан келгунча эҳтиёжмандларнинг ҳожатини раво айларди. Бошқалар наздида оёқларини узатиб ӯтирмасди. Ҳеч қачон хизматкорлари ҳақида ёмон гапирганини  кўрмаганман. Кулишлари қаҳқаҳа эмас, балки табассум эди.  Дастурхон ёзилганда барча хизматкорлар, ҳатто қоровулни ҳам дастурхонга таклиф қилиб, биргаликда овқатланишарди. Тунлар оз ухлар, кўпгина тунларни ибодат билан ўтказар эди. Жуда кўп рўза тутар ва ҳар ойдаги уч кунлик рузани тарк айламасди. Жуда кўп яширин хайр-эҳсон ва садақа қиларди. Асосан қоронғу кечаларда камбағалларга яширинча ёрдам берарди."

Имом Ризо (алайҳиссалом) нинг Ислом ҳақиқатларидан келиб чиққан илмий, маънавий ва сиёсий кўрсатмаларидан Маъмун жуда хавотирга тушди.  Зеро,  кун сайин ислом жамияти Имом Ризонинг чексиз илм ва фазилат денгизи билан тобора кўпроқ танишдилар ва одамлар имомнинг шахсияти устунлигини англадилар. Имомнинг мавқеидан хабардорлик одамларда Маъмун ва унинг халифалигига нисбатан шубҳа уйғотди.  Гарчи Маъмуннинг ўзи Имом Ризонинг   илмий буюклиги ва маънавий таъсирини бир неча бор мақтаган бўлса-да, у мансабпарастлик ва худбинлик ботқоғига шунчалик ботиб кетган эдиким, ўз мавқеини сақлаб қолишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасди.

  ... Маъмун қаср саҳнида у ён-бу ён қадам ташлади. У ҳеч нарса демай, катта косадаги мевалардан узум бошоғини олиб, ундан бир неча дона едида илгарига қадам босиб, имом ҳазратларининг пешонасидан ӯпди. Унинг қӯлига бир бошоқ узумни тутқазиб, деди: Эй, Аллоҳ Расулининг фарзанди. Бу узумдан кӯра хуштаъм ва маззали нарсани кӯрмадим.  Имомнинг заковатли кӯзлари жавоб бердилар: "Аммо жаннат узумлари бундан яхшироқдир". - Илтимос, мана шу узумдан татиб кӯринг, - илтифот қилди  Маъмун. Имом рад этди. Аммо Маъмун жуда қаттиқ туриб, заҳарли мевани имомга берди.

Имом Ризо (а)нинг юзига аччиқ табассум ёйилди. Бирдан   ранги оқариб,   кайфияти ўзгарди. Узум бошоғини ерга улоқтирди ва ўрнидан турди. У ҳолсиз ва мадорсиз қадам ташлади. Имомни кӯрган унинг ёронларидан бири Абосалт Имом Ризо(а)нинг   айтган сўзларини эслади: "Имом ва раҳнамо, ер юзидаги Худонинг ишончли вакили, унинг бандаларига ҳужжатидир. ... Худога даъват этувчи ва муқаддаслигининг қўриқчисидир. Имом гуноҳлардан пок ва нуқсонлардан холи. У илм билан безатилган ва сабр-тоқати билан танилган. Имом - диннинг барқарорлиги, мусулмонларнинг қадр-қиммати ва улуғворлигининг манбаидир ... " Айнан шу фикрларни ӯйлаётган  Абосалт бирдан имомнинг ҳолатини пайқади. Маъмуннинг сўнгги ҳийла ишлатганини англади, бутун вужуди қақшаб-қалтираб йиғлади,  лекин иш тугаган эди. Кўп ўтмай Имом Ризо (а) шаҳид  бўлди. Бу кун ҳижрий-қамарий 203 йил сафар ойининг охирги куни эди.

Имом Ризо (а) ғарибликда шаҳид  бўлган бўлса-да, Худо аҳли байт орқали одамларнинг бахт-саодати учун сочган ҳидоят нури ҳеч қачон сӯнмади. Ул ҳазратдан ҳадислар шаклида кейинги авлодларга мерос қолган ҳикматлар инсониятни қутқариш учун бебаҳо хазинадир.

Биз яна бир бор барча мусулмонларга ва сиз азиз ӯқувчига Ҳазрати Пайғамбар (с) нинг пок набираси шаҳодати куни  муносабати билан ҳамдардлик билдирамиз ва унинг йўли ва феъл-атворига содиқ қолишингизни тилаймиз.