Ширз дараси
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i55363-Ширз_дараси
Эроннинг ғарбий қисмида жойлашган  Луристон вилоятини   Эрон табиатининг  жаннати дейишади.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
октябр 18, 2020 20:57 Asia/Tashkent
  • Ширз дараси

Эроннинг ғарбий қисмида жойлашган  Луристон вилоятини   Эрон табиатининг  жаннати дейишади.

Мӯътадил иқлим шароити,  ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг анвойи турлари, мусафо ва бикр табиат ҳамда эҳтимол, мамлакатнинг ҳеч бир жойида учрамайдиган минглаб жозибали табиат манзаралари. Куҳдашт шаҳри яқинидаги Кирмоншоҳ, Илом ва Луристон вилоятларининг  туташган жойида, Саймараҳ дарёси бўйидаги ажойиб водийда Ширз дараси деб аталган дилкаш бир маскан бор.

Ушбу дара  Загрос тоғларидаги қадимий жойлар ва ғор ҳаётининг қолдиқларини ўз ичига олган кўп миллион йиллик ёдгорликдир. Дарада тош даврининг кӯплаб қолдиқлари мавжудлиги Эрон Ислом Жумҳурияти Маданий мерос ташкилотининг ушбу ноёб минтақага алоҳида эътибор беришига сабаб бўлди.

Ширз дараси  ҳақида кўпроқ билиш учун сизни бугунги дастуримизга   таклиф қиламиз.

Ширз дараси  Луристоннинг Куҳдашт шаҳри яқинида жойлашган. Куҳдаштдан Луристон вилоятининг маркази Хуррамободгача бўлган масофа 86 км. Даранинг узунлиги 5 км ни ташкил этади ва у "Варе Зард" тоғининг шарқида жойлашган. Дара деворларининг қиялиги ва баландлиги ҳар  жойда турлича. Бу гўзал водий Эроннинг  (Grand Canyon) Буюк Канёни деб ҳам номланади. Катта Канён - АҚШнинг Аризона штатидаги Колорадо дарёси оқиб ўтадиган водий. Албатта, бу водийнинг узунлиги Ширз дарасига қараганда анча узунроқ, лекин бу икки водийнинг геологик тузилиши ўхшашлиги сабабли, Ширз дарасини Эроннинг Катта Канёни деб аташ асоссиз эмас. Ширз водийсининг геологик тузилиши ва Эроннинг Катта Канёни унвони бу даранинг глобал ҳодиса сифатида Юнеско Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилишига сабаб бўлди.

Ширз дараси 

Геологларнинг фикрига кўра, учинчи геологик ёки мезозой даврида Ширз водийсининг чўкинди жинслари денгиз муҳитида ҳосил бўлган. Водийдаги оҳактош деворлари аста-секин ёмғир, шамол ва бошқа ёғингарчиликлар таъсирида  ӯзига хос қизиқарли шаклга кирган.   Анжир, узум ва нок каби ёввойи дарахтлар,  жуда мовий осмон ва водийнинг пастки қисмида оқаётган дарё билан биргаликда табиат гӯзаллигининг ноёб мажмуасини яратган. Бу соҳир табиий гӯзаллик  эронлик табиат ихлосмандларидан ташқари кўплаб хорижий сайёҳларни ҳам ушбу гўзал дарага жалб қилади.

Даранинг охирида узунлиги 150 метр бўлган ғор бор, ғорнинг ичида эса дарё оқмоқда. Дарёнинг суви жуда совуқ, чуқурлиги  баъзи жойларда тиззадан юқорига етади. Ғорни кесиб ўтаётганда ғорнинг сталагмитларини томоша қилиш сайёҳларга ӯзгача кайфият бахш этади. Ғордан ӯтиб, даранинг ўртасида  асрлар давомида шамол ва зилзилалар натижасида яратилган ва алпинистларнинг ўтишини қийинлаштирган баландлиги 80 метр ва диаметри 10 метр бўлган тош минораларга етиб борасиз. Тош миноралардан кейин йўл бироз нотекис бўлади, аммо агар сиз бу тор йўлдан юқорига кўтарила олсангиз, водийнинг ўзига хос манзараси пайдо бўладиган нуқтага етиб борасиз. Бунда сизга Ширз дараси худди  чорчӯбага солинган каби бутун гӯзаллиги билан намоён бӯлади.

Ширз дараси 

Ширз водийсини ўраб турган харсангтошлар қалбида бу гўзал макон қушлари яшайдиган тешиклар мавжуд. Шу сабабли, тошларнинг ушбу қисмида ҳосил бўлган шаршара Қушлар шаршараси деб аталади.   Ширз дарасидан ӯтиш пайти  қушлардан ташқари тоғ эчкиларини ҳам учратишингиз мумкин. Бу дара тоғ  эчкиларининг яшаши учун жуда муносиб жой.  Ушбу геотуристик диққатга сазовор манзаралар билан биргаликда  кенглик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ландшафтлар каби хусусиятлар  Ширз водийсини дунёдаги геопарклардан бирига айлантирган.

Геотуризм мухлислари кун сайин ортиб бормоқда. Геотуристлар гўзал ва махсус геологик ҳодисаларни томоша қилиш пайтида уларнинг келиб чиқиш асослари билан танишадилар. Дарҳақиқат, геотуризмнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ва унинг экотуризмдан нисбатан устунлиги оддий одамлар учун ер билан боғлиқ мавзуларнинг сирлиги ва мураккаблигидир.

Эрон табиатининг жаннатида жойлашган бу жозибали минтақага сафар қилишнинг энг яхши пайти баҳор ва ёз фаслидир. Ушбу ажойиб жойга бориш учун энг яхши вақт баҳор ва ёздир, чунки бу минтақа совуқ ва унинг қиши албатта кишини безовта қилади. Ширз дарасига саёҳат қилган киши атроф шаҳарлардаги меҳмонхоналарда, ёхуд  маҳаллий уйларда тунайди. Албатта, агар сиз табиат бағрида қолишни истасангиз, лагерда бу жозибали даранинг гӯзал тунини тонгга улашингиз мумкин.