Дунё ӯтган йил давомида (5)
2020 йили Эронда юз берган энг муҳим воқеалар
Мелодий 2020 йил Эрон учун барча соҳаларда муқовимат ва саъй-ҳаракатлар йили бўлди.
Ўтган йили Эрон душманлари мамлакат учун иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик бӯйича босимни кучайтириш учун бир қанча режалар ишлаб чиқдилар ва амалга оширдилар.
Шу муносабат билан, одамларга иқтисодий босимни кучайтириш учун фалаж қилувчи санкцияларни кенг қўллаш АҚШ шум режаларининг кун тартибида эди. Аммо Америка максимал босим сиёсатининг мағлубиятини ҳамда унинг зулмкор сиёсати шонли Эрон халқининг муқовиматига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини англагач, хавфсизликка босим ўтказиш сиёсатини илгари сурди. Шунинг учун 2020 йилнинг биринчи кунлари АҚШ томонидан Эрон миллатига қарши террористик жиноят билан бошланди.
Америка Қўшма Штатлари ӯтган йилнинг 3 январ куни катта жиноят содир этди ва Исломий Инқилоб Соқчилари корпуси Қудс кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийни шаҳид қилиш билан яна бир бор террористик ҳаракатлар орқали минтақани беқарорлаштиришга интилаётганини кўрсатди.
Ушбу террористик ҳаракатда Исломий Инқилоб Соқчилари корпуси Қудс кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ва унинг 4 та яқин ҳамкорлари, шунингдек, Ироқ Халқ сафарбарлиги кучларининг юқори мартабали қўмондони Абу Маҳди Ал-Муҳандис ва унинг ҳамроҳлари шаҳид бӯлишди.
Бу суиқасд билан Америка ИШИД террорчиларига қаттиқ зарба берган қўмондонларни нишонга олди.
Исломий Инқилоб Соқчилари корпуси Қудс кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймоний томонидан ИШИД халифалиги тугаганлиги ҳақидаги расмий эълон, бу Эрон жамияти учун шарафи абадий сақланиб қолган буюк воқеа бўлди. Душманнинг муқовимат ҳаракатининг шарқий ва ғарбий қаноти ӯртасида улкан дарзни вужудга келтириш учун дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан ИШИДга аъзо ёллаган, ўқитган ва уларни замонавий қуроллар билан жиҳозлантирган, муқовимат ҳаракатининг ҳар бир аъзосини бемалол орадан кӯтариш ва охир-оқибат Эронни йӯқ қилишдек амалга ошмаган ёвуз режасини тушуниб етганимиздан сӯнг ушбу масаланинг аҳамияти янада чуқурроқ англашилади.
Эрон миллатининг душманлари ўз мақсадларига эришиш учун ҳеч қандай жиноятдан юз ӯгирмасликларини исботладилар. Улар ИШИДни йўқ қилишда ва АҚШ, Исроил ҳамда Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланган терроризмга қарши курашда катта рол ўйнаган Қудс кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийни террор қилишдан Эроннинг илм-фан ва мудофаа соҳасидаги олимларини жисмоний йўқ қилишгача бӯлган разиллик ва пасткашликларни амалга оширдилар.
2020 йил Эрон душманларининг яна бир ёвузлиги билан якунланди.
Эрон Мудофаа вазирлигининг Тадқиқот ва инновациялар ташкилоти раҳбари ва мамлакат ядро саноати донишмандларидан бири олим Муҳсин Фахризода 27 ноябр куни Теҳрон яқинидаги терактда шаҳид бўлди. Шаҳид Фахризода илмий ва тадқиқот хизматлари соҳасида самарали қадамлар ташлади, шу жумладан коронавирус ташхис системаларини ишлаб чиқариш, ва Эронда Covid 19га қарши вакцина ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошқарарди.
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари Эроннинг атом энергетикаси ва мудофаа соҳасининг таниқли олими Муҳсин Фахризоданинг шаҳид бӯлганлиги муносабати билан табрик ва таъзия мурожаатларида ушбу жиноятнинг буюрувчи ва бажарувчиларининг қатъий жазоланиши, шунингдек, ушбу фидоий шаҳиднинг илмий ва технологик ҳаракатларини давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари буюрдилар: "Жиноятчи ва ёвуз ёлланмалар томонидан шаҳид этилган бу таниқли ядро ва мудофаа олими ўзининг буюк ва давомли илмий саъй-ҳаракатлари учун азиз ва қимматбаҳо ҳаётини Худо йўлида қурбон қилди ва шаҳидликнинг юқори мавқеи унинг учун илоҳий мукофотдир."
Эронлик буюк шахслар ва олимларнинг террористик ташкилотлар ҳамда ҳукуматлар томонидан террор қилиниши ӯзига хос тарихга эга. Бундан ӯн йиллар муқаддам Теҳронда бир қатор террористик портлашлар амалга оширилиб, бир неча ядрошунос олимлар террор қилинди. Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик(МАГАТЭ)нинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига юборган ҳисоботларида уларнинг номи зикр этилган.
Мажид Шаҳриёрий, Мустафо Аҳмади Рушан, Масъуд Али Муҳаммадий ва Дориюш Ризойинажодлар террорчилар томонидан шаҳодатга етказилган Эроннинг ядрошунос олимлари эдилар.
Шаҳид Фахризода сионистик режим Бош вазири Бенямин Нетаняху томонидан суиқасд режалари рўйхатида тўғридан-тўғри номи келтирилган етакчи олимлардан биридир.
2015 йил апрел ойида таниқли америкалик терговчи журналист Сеймур Херш Ню-Ёркердаги машҳур мақоласида эронлик олимларнинг ўлдирилиши Исроил ва АҚШнинг қўшма лойиҳаси бӯлиб, бу лойиҳа Эрондаги исломий тузумнинг чет элдаги мухолифлари, яъни “Мунофиқин” террорчи гуруҳлари томонидан амалга оширилганини фош қилди.
Херш разведка манбаларига таяниб ёзади: Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери Невада чўлида мунофиқлар гуруҳини саботаж ва террорчилик операцияларини амалга ошириш учун ӯқитиб келади.
Моссад, Марказий разведка бошқармаси ва Британия разведка хизматлари тажрибаси шуни кўрсатдики, бошқа мамлакатларнинг сиёсий элиталарига суиқасд қилиш уларнинг умумий мақсадларидан бири бўлган.
2020 йил АҚШ ва Европанинг ядровий келишувни амалга оширишдаги саботажидан кейин ҳам кескинликлар йили бўлди.
Эрон Ислом Жумҳурияти АҚШнинг Ядровий келишувдан чиққанидан кейин бир йиллик "стратегик сабр-тоқат"ни кун тартибига қўйди ва ядровий битим иштирокчиларига, хусусан АҚШнинг чиқиб кетиши учун компенсация беришга ваъда берган Европа давлатларини ядровий битим бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди. Европа томонларининг БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорини амалга оширишда жавобгарлигини ҳисобга олган ҳолда Эрон Ислом Жумҳуриятининг Миллий Хавфсизлик Олий Кенгаши "Баржом" нинг 26 ва 36-моддаларига асосланиб Эроннинг ядровий мажбуриятлари бўйича ихтиёрий ҳаракатларини босқичма-босқич амалга оширишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. 2020 йилнинг 5 январ куни Эрон Ислом Жумҳуриятининг мажбуриятларини камайтириш бўйича бешинчи ва якуний қадами эълон қилинди.
Таниқли ядро ва мудофаа олими Муҳсин Фахризоданинг террор қилинишидан сўнг Эрон Парламенти "Санксияларни бекор қилиш ва Эрон халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича стратегик ҳаракатлар" режасини тасдиқлади.
Кенг қамровли қўшма ҳаракат режаси (CЖАП) 2015 йил 14 июлда Эрон Ислом Жумҳурияти ва "Бешлик гуруҳи", шу жумладан Россия, Хитой, АҚШ, Европанинг учта давлати, Британия, Франция ва Германия ўртасида Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги Олий вакили иштирокида якунланган бир неча йиллик интенсив музокаралар натижасидир.
Эроннинг мақсади маълум вақт давомида ўзаро мажбуриятларга асосланган ишонч ва ўзаро мувозанатни ўрнатиш эди. Шунинг учун жамоатчилик фикри Баржомнинг ҳозирги вазият билан давом этишига қатъий қарши ва Парламент жамоат фикрининг вакили сифатида Эрон халқининг иродасига мувофиқ янги ядровий энергетика режасини маъқуллади.
2020 йил Эрон тиббиёт ходимлари учун коронавирусга қарши машаққатли кураш йили бўлди. Мамлакатнинг бу соҳадаги ютуқлари шуни кўрсатдики, Эрон миллати ҳеч қачон босим ва муаммоларга бўйсунмайди. Қўшма Штатлар Эронга босим ўтказиш учун бу соҳада ҳам террористик ҳаракатларни амалга оширди. Ўтган йили Қўшма Штатлар коронавирусни Эрон халқига босим ўтказиш ва ташқи сиёсий мақсадларга эришиш воситаси сифатида ишлатди. Трампнинг Халқаро Валюта Жамғармасидан Эронга пул қарз беришига қарши чиқиши ва Коронавирус вакцинасини сотиб олишни саботаж қилиши АҚШ томонидан Эрон халқига душманлик қилиш учун қӯйилган қадамлардандир. Американинг беморларни даволаш учун зарур дори-дармонлар ва тиббиёт жиҳозларини қӯлга киритишни чекловчи золимларча санксиялари ҳеч қачон унутилмайди.
Эрон учун 2020 йил, бир қарашда, АҚШ босимларига чидамлилик ва бир томонлама муносабатларга қаршилик кӯрсатиш синови бўлди. Мамлакатнинг минтақавий ӯзгаришлардаги таъсирли мавқеи шуни кӯрсатдики, Эрон нафақат яккаланиб қолмаган, балки қудрат ила ӯз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, тараққиётнинг турли соҳаларида юксак муваффақиятларни қӯлга киритмоқда.