Қишмнинг Ноз  ороллари
(last modified Sun, 24 Jan 2021 15:47:50 GMT )
Январ 24, 2021 20:47 Asia/Tashkent
  • Қишмнинг Ноз  ороллари

 Ноз  ороллари  денгизда сув пасайган пайти ялтироқ қум йӯлаги  билан Қишм оролига боғланиб, кейин сув кӯтарилган пайти эса Форс кўрфазининг зангори  сувлари остида қолиб кӯздан ғойиб бӯлишади. Бу ҳолатни маҳаллий аҳоли оролларнинг аразлаб кетиши ва яна нозланиб қайтиши дейишади.

Эрон жанубидаги Ҳурмузган вилояти, Уммон денгизи ва Форс кўрфазининг қирғоқ бўйидаги соҳилларидан ташқари, ажойиб табиат ҳамда  диққатга сазовор жойларга ҳам эга. Уларнинг энг гўзалларидан бири бу  Қишмдаги Ноз ороллари бўлиб, улар  Қишмнинг еттита муъжизасидан бири деб ҳам номланади. Бу ороллар бошқа кўплаб соҳиллардан ажралиб туради. Форс кўрфазининг чуқур ва нилийранг сувлари юзасида юришингиз мумкин бўлган ороллар!

Қандай қилиб? Бу ҳайратланарли саволга жавоб топиш учун бугунги суҳбатда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Ноз ороллари - Эрон жанубидаги Ҳурмузгон  вилоятининг ўн тўртта оролларидан бири бўлиб, у Форс кўрфазининг чексиз ва нилий  ҳудудида жойлашган. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Ҳурмузгон вилоятининг барча 14 ороллари чиройли, жозибали ва ажойибдир. Ҳар йили бу ороллар кўплаб табиат ихлосмандларини жалб қилади. Аммо бу ўн тўртта орол орасида Қишм оролининг жануби-шарқий қисмида жуда гӯзал ороллар бор, улар Ноз ороллари сифатида танилган ва Қишмнинг еттита муъжизаси сифатида қабул қилинган. Эслатиб ўтамиз, Ноз ороли ҳам Қишм Геопаркининг бир қисмидир. Халқаро Қишм Геопарки Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқдаги энг қадимги геопарклардан биридир. Геопарклар аслида табиат ҳодисаларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг энг яхши усулларига эришиш,  заминшунослик  илмининг турли соҳаларида таълим, тадқиқот ва амалиёт ӯтказиш учун самарали марказлар ҳисобланади.  

Ноз ороллари

Ноз ороллари  уч гектар майдонни эгаллаган  ва баландлиги 5 дан 10 метргача бўлган тош деворлар  билан ўралган. Ушбу оролларда қумли соҳиллар умуман  йўқ,  текис ва тошлоқдир. Оролнинг тошли теппаликлари бу ҳудуднинг гўзалликларидан бири бўлиб, уларга кӯтарилгач,  атрофдаги барча ландшафтларни кӯздан кечириш мумкин.  Форс кўрфази, Ҳурмуз бўғози, Ларк ороли ва гўзал соҳилларнинг манзаралари ушбу  тош қояларидан  ажойиб бир тарзда кӯзга ташланади.

Ноз ороллари

 Ноз  ороллари  денгизда сув пасайган пайти ялтироқ қум йӯлаги  билан Қишм оролига боғланиб, кейин сув кӯтарилган пайти эса Форс кўрфазининг зангори  сувлари остида қолиб кӯздан ғойиб бӯлишади. Бу ҳолатни маҳаллий аҳоли оролларнинг аразлаб кетиши ва яна нозланиб қайтиши дейишади. Маҳаллий аҳоли тилидан олинган ушбу оролларнинг номи хариталарда ҳам Ноз ороллари деб ёзилган.

Ноз ороллари

Сув пасайган пайтида ушбу ороллар Қишм қирғоғига қуруқлик йӯлаги  яратиш орқали боғланади ва бу ер  сиз Форс кўрфази сувларига бир километр масофагача машинада кириб боришингиз мумкин бўлган ягона жойдир. Бунинг учун Форс кўрфази чуқур ва мовий сувларининг пасайиш ва кӯтарилиш соатларини яхши билиш кифоя. Шунда Форс кўрфазида оёқларингизни ҳўл қилмасдан юрасиз. Шу тарзда сиз Ноз ороллари баландликларига пиёда чиқиб борасиз  ва у ердан Форс кўрфази, Ҳурмуз бўғози, Ларк ороли ва Қишм қирғоғининг бошқа кўринишларини томоша қиласиз. Бу, албатта, ҳаётингиздаги энг  ноёб тажриба бўлади. Ҳеч қандай шароитда ушбу ҳайратланарли  тажрибани қӯлдан берманг: Сувнинг чекиниб, яна қайтиш давомийлиги фурсати кам бўлиб туюлиши мумкин, аммо барибир у қисқа, чиройли ва унутилмасдир.

Денгиз суви пасайганда Ноз ороллари

Сув пасайганида, сиз Форс кўрфази сувларида бемалол юришингиз мумкин. Агар  ушбу оролларга ўз вақтида етиб борсангиз, зӯрға тўпиғингизга чиқадиган сувда,  юмшоқ ва салқин қум устида юришингиз ва ўзингизни денгиз  бағрида ҳис қилишингиз  мумкин. Агар сиз ушбу оролларга кеч куз ва қиш ойларида ташриф буюрсангиз, нафақат ранг-баранг чиғаноқлар ва ғалати қисқичбақаларни, балки яқин атрофда қишлаш учун учиб келган қушларни ҳам кўришингиз мумкин.

Ноз ороллари

Сизнинг Ноз оролларига саёҳатингиз шу яқинда жойлашган диққатга сазовор жойлардан бири - "Харбас ғори" ни кўриш билан янада ёқимли бўлиши мумкин. Тарихи Модлар даврига бориб тақаладиган,  Загрос тоғларининг охирги бурмаларини ӯз ичига олган ушбу ғор ғалати ва сирли меъморчиликка эга бўлиб, унинг атрофида қисқа ва узун маржон теппаликлар жойлашган. Ғорнинг тош деворларининг баландлиги 20-30 метрни ташкил этади. Вақт ўтиши билан денгиз сувининг чўкиши натижасида у ичма-ич тешиклари бўлган тоққа айланган. Одамлар ҳам турли замонларда унга ўзига хос шакл бериб, ӯймакорликлар қилишган. Ғорнинг кириш қисми 9 тешикдан иборат. Ғорнинг ичида бир-бирига боғланган бир неча заллар, даҳлизлар, хоналар, чашмалар ва дарчалар мавжуд. Пастки қисмида ёмғир сувини сақлаш учун ишлатиладиган ва йилнинг ёмғирли кунларида доимо сув билан лимо-лим тӯлган сув ҳавзаси мавжуд.

Харбас ғори

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир жуфт балиқчи бургут ҳар доим Харбас ғори устидаги тошли баландликда яшайди ва тухум қўяди. Ушбу бургутлар дунёдаги энг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қушлар турига киради. Шунингдек, ғорнинг бўшлиқлари ва қоронғу бурчакларида "сичқон думли кӯршапалаклар" яшайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу турдаги кўршапалаклар насли ҳам хавф остида, аммо бу кўршапалакларнинг Харбас ғорида хавфсиз яшаши қувончли ҳолдир.

Харбас ғори деворидаги расмлар

Шубҳасиз, Ноз  ороллари ва Харбас ғорига ташриф буюриш кишида ҳайратланарли таассурот қолдиради. Аммо унутманг, бу ерга ташриф буюриш учун қиш фасли энг муносиб  вақт, чунки об-ҳаво жуда ёқимли ва сиз кўпроқ табиий ҳодисаларни кўришингиз мумкин.