июн 12, 2021 23:59 Asia/Tashkent
  • Сайловда одамларнинг максимал даражада иштирок этишининг аҳамияти

Эроннинг 13-президентлик сайлови 2021 йил 18 июн куни бўлиб ўтади. Ушбу сайловда Эроннинг саккизинчи президенти сайланади.

Сайловга озгина вақт қолди. Ушбу сайлов даври номзодлари расмий эълон қилинганидан кейин сайлов кампанияси бошланиши билан сиёсий партиялар ва гуруҳлар сайлов муҳитини қиздириш учун сайловолди фаолиятларини фаоллаштирдилар.

Эронда сайловлар тизимнинг деярли барча асосий ва аҳамиятли қисмларида, жумладан президентлик, Исломий маслаҳат кенгаши ва зарур  пайтларда раҳбарни сайлаш учун масъул бўлган Экспертлар Кенгаши, шунингдек,  шаҳар ва қишлоқ Исломий кенгашларини шакллантириш учун ӯтказилади.

Диний демократия тизимида одамларнинг иродаси алоҳида қадр-қиммат ва мақомга эга бўлиб, Исломий Жумҳурият ҳокимиятининг пайдо бўлиши ва давом этишига сабаб бўлади. Исломий тузумда одамлар ўзлари сайлаган вакиллар орқали мамлакатни бошқариш тақдирини ӯз ихтиёрларида сақлайдилар. Шунинг учун халқнинг исломий тизимдаги ролини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг сайловларнинг турли даврларидаги иштироки мезонига ҳар доим эътибор қаратилади.

Халқнинг сайловларда кенг иштирок этиши зарурлиги ва унинг мавқеи тўғрисида Инқилобнинг Муаззам Раҳбари  буюрадилар: Мамлакатимиз халқнинг иродасига таянади. Сўнгги бир неча йил ичида миллат душманлари ва тамагирлар  бу мамлакатга зиён етказолмаганлигининг сабаби, халқнинг турли саҳналарда мавжудлиги, иродаси ва иштирокидир. Мамлакат тақдирида иштирок этиш, мамлакатни бошқариш ва бошқарувини белгилашда рол ўйнашдан ташқари, душманларнинг душманлигини зарарсизлантиришда ҳам энг катта рол ўйнайди.

Ушбу таъкидлаш шуни кўрсатадики, Ислом динига асосланган Эрон Ислом Жумҳурияти тизимида татбиқ этилган демократия модели одамларга бир восита сифатида қарамайди, шу сабабли  ҳаётнинг барча сиёсий ва ижтимоий босқичларида инсоний ва Илоҳий қадриятлар ӯта муҳим ҳисобланади.

Сиёсий масалалар бӯйича таҳлилчи Солиҳ Искандарий шундай дейди:

Президентлик сайловларида асосан сиёсий мотивлар, ӯз ҳақини талаб қилиш ва масъулият ҳиссига асосланган иқтисодий мотивлар сайловчиларнинг сайлов қутиларига келиб, овоз беришларига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, Эрондаги диний демократия моделида, сиёсий майдонда ва сайловларда қатнашиш билан одамлар Ислом Жумҳурияти тизимининг мақбуллигини тасдиқлашда тўлиқ эркин ҳамда биринчи ва охирги сӯз ҳам уларга тегишли.

Қувайтлик ёзувчи ва оммавий ахборот воситалари фаолларидан бири Мейсам Муҳаммад Жуший бу борада қизиқарли фикрни таъкидлаб, шундай дейди:

Араб мамлакатлари демократиясини Ислом Жумҳурияти демократияси билан мутлақо қиёслаб  бўлмайди. Эронликлар ўз амалдорларини эркин ва муаммосиз танқид қилишлари мумкин. Афсуски, араб давлатлари аҳолиси фақат тиш духтури наздидагина оғиз очишлари мумкин.  Тизимга норозилик билдириш ёки танқид қилишга улар ҳақли эмаслар.

Шунга қарамай, Эронда ўтказилган ҳар бир сайловда ғаразли оммавий ахборот воситалари сайловга қарши ёлғон тарқатишни бошлайди. Ушбу оммавий ахборот воситалари  Эрон халқининг сайловларда кенг иштирок этиши Ғарбий Осиё минтақасида  мисли кўрилмаган ва дунёда нодир ҳодиса эканлигини яхши билишади.

Кенг ва хилма-хил иштирок, аслида, тизимни душманлар ва ёмон ниятли кишиларнинг фитналаридан ҳимоя қилиш учун "стратегик захира" дир. Шу сабабли  одамларнинг сайловлардаги иштироки даражаси Эронда ҳокимиятнинг муҳим таркибий қисмига айланган ва аниқроқ қилиб айтганда, сайловларда "максимал иштирок этиш" Эронга иккита муҳи "хавфсизлик" ва "ҳокимият" тушунчаларини ҳадя этади ва бу тушунчаларнинг ҳозирги даражасини юксалтиришда давом этади.

Руҳонийлар Жамияти вакили Ғуломризо  Мисбоҳ Муқаддам шундай дейди: "Биз сайловда чекланган иштирокка қатъиян қаршимиз. Мен бу позицияни кўп маротаба айтиб келганман: курашчан  руҳонийлар жамияти одамларнинг максимал иштирокини қӯллаб-қувватлайди. Аслида, руҳонийлар жамиятининг қараши партиявий  ва фраксия нигоҳи эмас, балки бизнинг қарашимиз миллийдир".

Университет профессори ва сиёсий фаол Нажафқули Ҳабибий ҳам Эронда сайловлар мамлакатни бошқаришнинг асосий элементи ва айнан шу одамлар сайловларда иштирок этиб,  келажаклари ӯзлари учун муҳим эканлигини намойиш қиладилар, деган фикрда. Қандай бўлмасин, сайловларда иштирок этиш орқали одамлар ўзларининг интеллектуал, иқтисодий, сиёсий ва, албатта, ӯз келажаклари ҳақида қарор қабул қиладилар. Эрон халқи учун мамлакат келажаги қандай сиёсий арбоблар қўлида бўлиши масаласи жуда муҳимдир.

Эронда ўтказилган сайловлар тажрибаси шуни кўрсатадики, Ислом Жумҳуриятининг асосини бошиданоқ сайловлар ва халқнинг ушбу муҳим тадбирда иштироки ташкил қилган. Ислом Жумҳурияти тизимида ички ва ташқи нозикликлар туфайли сайловлар  шунчаки битта шахс, гуруҳ ёки фракция учун овоз бериш эмас, балки мамлакатдаги бутун сиёсий тизим учун овоз беришдир.

Ислом Жумҳуриятидаги демократик сиёсий тартиб, халқнинг овозига таяниб ва сайловда одамларнинг ақлли ва онгли иштирокига суянган ҳолда ҳар қандай фитна, уруш, террор ва санкцияларга қарши тура олди. Тажриба шуни ҳам кўрсатдики, одамларнинг сайловда иштирок этиш миқдори  камайган пайтлари, қайси номзод танланишидан қатъи назар, босимлар кучайган.

Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаийнинг сўзларига кўра, барча одамлар, номзодлар, ҳукумат ва манфаатдор томонлар сайловларни қадрлашлари керак, чунки кенг қамровли, завқ-шавқли, соғлом ва хавфсиз сайловларни ўтказиш Ислом Жумҳурияти учун захира ва бу унга ёрдам беради.

Дарҳақиқат, халқнинг сайловларда иштирок этиши Эроннинг халқаро тизимдаги сиёсий қудрати ва обрўсини оширади, чунки сайловлар халқнинг мамлакат сиёсий саҳнасида мавжудлигининг объектив ва ҳақиқий кӯринишидир.  Халқнинг ӯз тақдири ва Исломий Жумҳурият тақдири учун  кенг миқёсдаги таъсирчан  иштироки  зӯравон қудратлар қаршисида матонат билан қарши туриш учун мустаҳкам асосдир.

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ