Фадоми шаршараси
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i62642-Фадоми_шаршараси
Мамлакатнинг энг шимолий нуқтасидан жанубий қисмигача  турли хил шаршараларни учратишингиз  мумкин. Улардан энг ажабланарлиси - Форс вилоятининг жануби-шарқи сўнгги нуқтасида Бандар Аббосга борадиган йӯлдаги Фадоми шаршарасидир.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
июн 20, 2021 18:47 Asia/Tashkent
  • Фадоми шаршараси

Мамлакатнинг энг шимолий нуқтасидан жанубий қисмигача  турли хил шаршараларни учратишингиз  мумкин. Улардан энг ажабланарлиси - Форс вилоятининг жануби-шарқи сўнгги нуқтасида Бандар Аббосга борадиган йӯлдаги Фадоми шаршарасидир.

Эрон ўзининг табиий ва тарихий диққатга сазовор жойларининг хилма-хиллиги билан танилган.  Шу сабабли  табиий, тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлари бўйича маълум бир мамлакатни излаётган сайёҳлар ҳар доим Эронни биринчи танлов деб биладилар ҳамда ушбу мамлакат бўйлаб саёҳат қилишга ҳаракат қилишади.

Қадимги ва тарихий диққатга сазовор жойлардан ташқари, Эроннинг тоғлар ва денгиздан чўл ва ўрмонгача бўлган бепоён табиий диққатга сазовор жойлари сайёҳлар ва табиат ихлосмандлари наздида алоҳида ўрин тутади. Аммо бу жозибали мамлакатнинг турли табиат ҳодисалари орасида шаршаралари жуда муҳим аҳамиятга эга. Шаршараларнинг жозибали кўриниши ва улар атрофидаги серқатнов ва чиройли муҳит шаршараларни Эроннинг энг муҳим сайёҳлик масканларидан бири деб ҳисоблашга сабаб бўлган. Эрон шаршараларнинг хилма-хиллиги ва сони жиҳатидан бой мамлакатдир. Тадқиқотлар натижаларига кўра, ҳозирги кунга қадар Эронда 390 дан ортиқ турли хил шаршаралар аниқланган. Мамлакатнинг энг шимолий нуқтасидан жанубий қисмигача  турли хил шаршараларни учратишингиз  мумкин. Улардан энг ажабланарлиси - Форс вилоятининг жануби-шарқи сўнгги нуқтасида Бандар Аббосга борадиган йӯлдаги Фадоми шаршарасидир.  Ушбу гӯзал шаршара ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз,  сизни  бугун биз билан саёҳат қилишга таклиф қиламиз.

Фадоми шаршараси - Эроннинг энг чиройли шаршараларидан бири бўлиб, у Форс вилояти маркази Шероз шаҳридан 380 км узоқликда, жанубий Эроннинг иссиқ, қуруқ, тоза ва сӯлим Фарг Дороб минтақасида жойлашган. Илгари ушбу шаршаранинг кенглиги 800 метрни ташкил этган ва у Эроннинг энг кенг табиий шаршараси деб ҳисобланган. Сўнгги йилларда қурғоқчилик ва фермерларнинг сув оқимидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланишлари сабабли, энди бу кенглик камайди. Фадоми шаршарасининг баландлиги 12 дан 20 метргача, денгиз сатҳидан эса 900 метрни ташкил этади. Ҳаво ҳарорати Селсий бўйича 45 даражага етадиган қурғоқчил ҳудудда  бундай шаршаранинг мавжудлиги унинг жозибадорлигини оширади.

Фадоми Дороб шаршараси

 Фадоми шаршарасининг  ўзига хос хусусиятларидан бири бу чучук сувли  шаршарадан кейин 20 метр масофада  шӯр, чучук, совуқ ва иссиқ сувнинг аралашишидир.  Шӯр шаршара сувининг  манбаси 500 метр узоқликда ва ёвойи хурмо дарахтлари унинг чиройига чирой қўшган. Чучук  сув манбаи  тоғларнинг қалбидан қайнаб чиқадиган булоқ бӯлиб, унинг суви  бир километрлик масофани босиб ӯтгач,  минтақадаги энг чиройли шаршарани ҳосил қиладиган жарликка етиб боради. Шаршаранинг оқим тезлиги секундига бир кубометрга тенг. Шӯр сувли дарёга қӯшилган  бу гўзал шаршара дарёнинг шўрлигини  сезиларли даражада пасайтиради ва дарё   сувини 825 гектар хурмо дарахтлари ва 650 гектар қуйи қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун яроқли қилади. Ушбу шаршаранинг чучук суви аслида Фадоми шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлайди.

Форс вилоятидаги 4 хил сувли Фадоми шаршараси

Шӯр ва чучук сувли бу   икки булоқ йилнинг барча фаслларида оқиб туради. Ушбу булоқларнинг яна бир ажойиб хусусияти шундаки, чучук сув иссиқ мавсумда салқин, совуқда илиқ, шўр сув эса чучук сувга тескари, яъни ёзда иссиқ, қишда совуқ бӯлади. Шаршара суви пастга тушгач,   унинг остида катта кўлмак пайдо бўлади ва бу кӯлмак баланд  бӯйли ўсимликлар ҳамда қамишларнинг зич қопламаси билан қопланган. Ушбу ҳудуддаги оқаётган сувларнинг кўпчилиги шўр ва мавсумийлиги туфайли Фадомининг доимий шаршараси алоҳида аҳамиятга эга.

Фадоми Дороб шаршараси

Ҳудудда турли хил чуқурликларга, чиройли шаклларга ва қандилларга эга бўлган кўплаб ғорлар мавжуд.

Фадоми шаршараси табиатсевар ҳар бир инсоннинг руҳини гўзал ва ёқимли таровати билан силаб турадиган минтақадаги энг гўзал саёҳат масканларидан биридир, аммо тоғлар ва даралар борлиги сабабли бу шаршарага етиб бориш йўли қийин ва сайёҳлар қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Бу шаршарага ташриф буюриш учун энг яхши вақт - табиатнинг гўзалликлари кўпроқ жилваланадиган  баҳор фаслидир.  Бу жойда сайёҳлар учун меҳмонхона ёки турар жой йўқлиги сабабли улар тунаш учун энг яқин шаҳарларга, яъни Бандар  Аббос ёки Доробга боришлари керак.