Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни (1)
"Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни" - янги дастур сарлавҳаси бўлиб, Эроннинг жорий йил шиорига мувофиқ, Жанубий-Ғарбий Осиё минтақасининг иқтисодий салоҳиятини, Эроннинг иқтисодий афзалликларига эътибор қаратган ҳолда ёритиб боради. Қуйида ушбу дастурмизнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.
"Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни" номли янги дастурни бошлаймиз. Ушбу дастурда биз сиз билан, Жанубий-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий синергиянинг аҳамияти ҳақида гаплашмоқчимиз. Маълумки, жамият аҳолисининг фаровонлиги мамлакат иқтисодий динамикаси ва иқтисодий қудрати билан бевосита боғлиқ. Ушбу боғлиқлик инсоният ҳаёти давомида доимо мавжуд бўлган. Бироқ иқтисодиёт соҳасига фан ва техниканинг кириб келиши билан, ишлаб чиқариш усуллари ва маҳсулотларнинг хилма -хиллиги бўйича иқтисодий фаолиятлар туб ўзгаришларга юз тутди. Жараённинг натижаси маҳсулотнинг оммавий ишлаб чиқарилиши бўлиб, энди маҳсулотнинг барча қисмларини фақат бир мамлакатда ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлиб қолди, фақатгина ички бозор билан чекланиб қолиш эса ишлаб чиқаришнинг ривожланишига тўсқинлик қила бошлади.
Иқтисодий сектор раҳбарлари, сиёсатчилар ва давлат амалдорлари фан ва техника шароитида, ишлаб чиқариш ва ҳаракат ресурсларидан мақбул фойдаланишда қанчалик муваффақиятли бўлсалар, жамиятнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланиши шунчалик юқори бўлади.
Тарихий жиҳатдан, иқтисодиёт соҳасидаги бу ўсиш ва ривожланишнинг бошланиши Европада саноат инқилобининг юзага келиши билан боғлиқ. Тахминан икки юз эллик йил олдин дунё мамлакатлари иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича бир-биридан катта фарқ қилмаган. Бироқ Европада саноат инқилоби бошланганидан сўнг, жаҳон иқтисодиёти кенг кўламли ўзгаришларга гувоҳ бўлди. Товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариши жадал ўсди. Бугунги кунда Жаҳон Савдо Ташкилоти 19 триллион доллардан ортиқ жаҳон товар савдоси ҳақида гапирмоқда. Шубҳасиз, бундай ҳажмдаги товарларни ишлаб чиқариш мамлакатларнинг иқтисодий синергиясини ва ўзаро иштирокини талаб қилади. Чунки ҳеч бир мамлакат якка ўзи ишлаб чиқариш ресурсларига бўлган ўзининг барча эҳтиёжларини, шу жумладан ер, капитал, ишчи кучи, технология ва бошқаларни бир ўзи қондира олмайди. Шунингдек, маҳсулот сотиш бозори ишлаб чиқарувчини иқтисодий фаолиятда рағбатлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Мамлакатлар ўртасидаги савдо ёки экспорт ва импорт мамлакатлар иқтисодиётининг кучли ёки заиф томонларини кўрсатади. Мамлакатларнинг савдо баланси қанчалик ижобий бўлса, мамлакат иқтисодиёти шунчалик кучли бўлади ва манфийлик бу мамлакатнинг импорти кўпроқ эканлигини кўрсатади ва бу ўша мамлакатдан валюта ва капиталнинг чиқиб кетишини билдиради. Ҳатто мамлакатнинг энг ёмон сиёсатчилари ҳам иқтисодий жиҳатдан фақатгина импортчи бўлиб қолишни хоҳламайдилар. Бугунги кунда кучли иқтисодиётга эга бўлиш яъни кучли сиёсий қудрат ва хавфсизлик , ижтимоий муаммоларнинг камайиши ва мамлакат фуқароларининг фаровонлигини ошишини англатади. Бу мақсадларга эришишга интилиш туфайли сўнгги йилларда, кўплаб мамлакатлар бир-бирлари билан турли битимлар ва савдо шартномалари тузиб, иқтисодий ўсишга замин яратиб, ўсиш суръатларини кучайтирдилар.
Намуна сифатида "Минтақавий савдо битими"ни кўрсатиш мумкин. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ва 40 -йилларда минтақавий иқтисодий яқинлашувлар аста-секин шакллана бошлади. Ушбу жараён натижасида 200 дан ортиқ давлатлар ўртасида кичик ва йирик минтақавий битимлар пайдо бўлди. 2019 йилга келиб Жаҳон Савдо Ташкилотида (ЖСТ) 480 га яқин минтақавий савдо битими (РТA) рўйхатга олинганки, улардан 300 га яқини бажарилган.
Европа Иттифоқи, Шимолий Aмерикадаги НAФТA, Лотин Aмерикасидаги Мерcосур, Жанубий-Шарқий Осиёдаги AСЕAН, Жанубий Осиёдаги СAAРC ва бошқа бир қанча минтақавий ташкилотлар минтақа давлатларининг яқинлашувга бўлган қизиқишини кўрсатади.
Минтақавий битимларни тушунтиришда шуни айтиш керакки, бундай келишувлар одатда, ягона географик ҳудудда жойлашган, умумий маданий, тил, диний ва тарихий муштаракликларга эга бўлган мамлакатлар ўртасида шаклланади ва улар минтақавий бирлашмалар орқали ўзларининг турли соҳалардаги эҳтиёжларини, хусусан иқтисодий эҳтиёжларини қондиришга интилишади. Географик, сиёсий, маданий, ижтимоий ва иқтисодий умумийликлар, яхлит минтақада жойлашган ҳукуматларга ўзаро ҳамкорлик орқали ўз имкониятларидан максимал даражада фойдаланишга имкон беради. Турли соҳалардаги бир-бирининг камчиликларини етказиб бериш ва биргаликда сармоя киритиб, керакли маҳсулотни ишлаб чиқариш имконини яратади. Бугунги кунда дунёда минтақавий ташкилотга аъзо бўлмаган ёки қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, минтақавий ташкилот тузиш ҳақида ўйламайдиган давлатлар кам.
Иқтисодиёт соҳасида минтақавий келишувларнинг мақсади савдо тўсиқларини камайтириш ёки йўқ қилиш, пул-кредит ва молиявий сиёсатларни мувофиқлаштиришдир. Ҳамкорликнинг бу тури минтақавий даражадаги ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради, савдони оширади, ички ресурсларни тежайди, маҳаллий ишлаб чиқариш ихтисослашади, валюта тушуми ошади, даромадларни мақбул тақсимлайди, ишлаб чиқариш ва савдонинг самарадорлигини оширади, хорижий инвестицияларни оширади ва аъзолар бир-бирларининг нисбий афзалликлардан фойдаланишларига олиб келади. Бундай шартномаларнинг натижаси истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар учун харажатларнинг камайиши, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлашнинг ошиши ҳисобланади.
- Жанубий-Ғарбий Осиё географик ва иқтисодий муҳим минтақалардан бири бўлиб, Aфрика ва Европа қитъалари ва Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар ўртасида жойлашган. Бу ҳудуд Эрон, Покистон, Саудия Aрабистони, Туркия, Aфғонистон, Яман, Ироқ, Уммон, Сурия, Иордания, Озарбайжон Республикаси, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Грузия, Aрманистон, Фаластин, Қувайт, Қатар, Ливан ва Баҳрайндан иборат. Минтақа аҳолиси тахминан 530 миллион киши бўлиб, улар дунёнинг 5 муҳим геосиёсий ҳудудида, яъни Марказий Осиё, Кавказ, Ҳиндистон ярим ороли, Форс кўрфази ва Яқин Шарқда жойлашган.
Ресурслар нуқтаи назаридан бу ҳудуд табиий бойликларга бой. Жанубий-Ғарбий Осиё минтақасининг улкан газ ва нефт ресурслари (дунё ресурсларининг учдан икки қисми) бу минтақага ўзига хос хусусият беради. Дунёнинг аниқланган нефт захираларининг 75% га яқини шу минтақада жойлашган ва дунё нефтининг учдан бир қисми шу минтақада ишлаб чиқарилади. Дунё газининг ҳам учдан бир қисми шу минтақада ишлаб чиқарилади. Бу ҳудуднинг географик жойлашуви ва Худо берган бойликлари ва иқтисодий афзалликларини ифода этишда, минтақа халқларининг тарихига мурожаат қилиш кифоя. Ўтган бир неча аср мобайнида бу минтақанинг тарихи мустамлакачилар томонидан ушбу минтақа халқларининг миллий бойликларини талон-тарож қилиш учун амалга оширилган кўплаб мустамлакачилик ва талончилик воқеаларига гувоҳ бўлган. Ҳеч ўзингиздан сўраб кўрганмисиз,
охирги йилларда Aмерикага 7 триллион AҚШ долларига тушган Яқин Шарқдаги амалиётлар мақсади нима эди? Бундан ташқари, AҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Суриядаги ҳарбий иштирокини мамлакат нефтини талон-тарож қилиш учун эканлигини тан олиб, у "Биз Суриядан чиқиб кетмоқчимиз. Aлбатта, мен нефт туфайли айримларини (AҚШ қўшинларини) ўша ерда қолдирдим.Биз нефтни (ўзимиз учун) сақлаб қолганимиз яхши эмасми?" деди.
Жанубий-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳақида бугун шуни айтиш мумкинки, афсуски, бу минтақа ўзининг муҳим ривожланиш афзалликлари ва салоҳиятига қарамай, улкан табиий ва инсоний ресурсларига эга бўлса-да, ҳали ҳам дунёнинг ривожланмаган минтақаси ҳисобланади ва ҳамкорликда жамоавий ривожланиш кўникмаларига эга эмас. Жанубий-Ғарбий Осиё муҳим иқтисодий салоҳиятга эга ва кучли иқтисодий марказ сифатида пайдо бўлиши мумкин. Бу, минтақавий битимларни тузиш шаклида, кучли ирода ва муносиб стратегик ҳамкорликни талаб қилади.