Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни (2)
(last modified Tue, 07 Sep 2021 19:16:39 GMT )
сентябр 08, 2021 00:16 Asia/Tashkent
  • Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни (2)

Ушбу  дастуримизда жанубий-ғарбий Осиё давлатлари ўртасидаги баъзи муштарак жиҳатлар ҳақида сиз билан суҳбатлашамиз.

 "Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни" туркимидан навбатдаги дастуримизни бошлаймиз. Aгар ёдингизда бўлса, ўтган галги дастуримизда айтган эдикки, охирги асрларда  иқтисодиёт соҳасида фан ва технологиянинг жадал суръатларда ривожланиши туфайли, ҳам давлат ва ҳам хусусий сектор фаоллари минтақавий, минтақалараро ва халқаро иқтисодий битимлар тузишга интилиб келишмоқда.‌Бу келишувлар натижасида аъзо давлатлар ишлаб чиқариш соҳасидаги бир-бирининг камчилик ва нуқсонларини турли хил шаклда ўзаро  қоплашлари ва маҳсулот таклиф қилиш учун катта ва яхлит бозорларни шакллантириш орқали аъзоларнинг даромадини таъминлашлари мумкин. Минтақавий ва минтақалараро  иқтисодий битимлар тузиш умумий хусусиятларни талаб қилади. Бу хусусиятларга асосланиб, ягона географик ҳудудда жойлашган мамлакатларнинг яқинлиги таъминланади. Бу ҳафталик дастурда,  Жанубий-Ғарбий Осиё минтақасида жойлашган давлатлар ўртасидаги умумийликлар ҳақида гаплашамиз. 

Иқтисодиётдаги муҳим омил бу - мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишдир. Бугунги кунда бу имкониятлар минтақа давлатлари билан ўзаро савдо-сотиқ алмашувида кўпроқ кўзга ташланади. Савдо алоқалари ва иқтисодий шартномалар тузиш минтақада иқтисодий ўсиш ва фаровонликни яратишда муҳим омиллар ҳисобланади. Минтақавий ва ҳатто минтақалараро шартномаларнинг шаклланиши, бу муносабатларни ўрнатмоқчи бўлган давлатлар ўртасида умумийликни талаб қилади. Бу умумийлик ва муштарак жиҳатлар миқёси қанчалик катта бўлса, аъзолар ўртасидаги муносабатлар шу қадар кучлироқ бўлади.

Жанубий-Ғарбий Осиё минтақаси мисолида биз дин, маданият ва тарих каби умумийликларни кўрсатишимиз мумкин, уларнинг ҳар бири иқтисодий иттифоқларни мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Жанубий-Ғарбий Осиё - дунёдаги илк тамаддун ўчоқларидан бири бўлиб, тарихан ислом сивилизациясининг юраги ҳисобланади. Бу минтақа аҳолисининг 90% дан ортиғи мусулмонлар бўлиб, улар ўз эътиқодларига кўра, ўзаро бирдамлик ва бирликка интилишлари лозим. Масалан, ҳажни олайлик. Ҳаж - мусулмонларнинг кўплаб фаолиятларини, шу жумладан иқтисодий масалаларни ҳал қилиш учун ажойиб имкониятдир. Aллоҳ таоло дунё мусулмонларининг ҳар йили ўтказиладиган энг катта йиғини - Ҳаж билан таништирганда, иштирокчиларнинг манфаатларини ҳам эслатади. Aллоҳ "Ҳаж" сурасининг 28-ояти каримасида шундай дейди: "لیشهدوا منافع لهم", яъни "Улар ўз манфаатларига гувоҳ бўлсинлар ". Бу буюк маросим зиёратчи учун маънавий ва моддий манфаатларни ўз ичига олади. Ҳаж маросимларининг энг муҳим мақсади ва асоси Aллоҳга сажда қилиш ва унга ибодат қилишдир. Ушбу асос соясида, зиёратчилар шахсий муносабатлар ўрнатиб, ўзаро савдо алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш имконига эга бўлишади. Шунингдек, макроиқтисодий даражадаги мулоҳаза ва узоқни кўзлаш  орқали, мусулмонларнинг "умумий бозор" шаклидаги  ўзаро иқтисодий алоқалар режаси ҳар йиллик йиғилишдан пайдо бўлиши мумкин. Кўп йиллар давомида жонкуяр  мусулмон мутафаккирлари ушбу умумий бозор, ислом оламининг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун зарурлиги ҳақида гапириб келишади.

Ҳаж - мусулмонларнинг кўплаб фаолиятларини, шу жумладан иқтисодий масалаларини ҳал қилиш учун ажойиб имконият.

Бу минтақа аҳолисининг яна бир умумий хусусияти уларнинг маданиятидир. Жанубий-Ғарбий Осиё учун аниқ чегаралар аниқланмаган бўлса-да, баъзи манбаларга кўра, ушбу минтақа Кавказнинг баъзи ҳудудлари (Кавказорти), Эрон, Покистон, Aфғонистон, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Форс кўрфазидан иборат . Бу минтақа аҳолиси минг йиллар давомида яшаб келаётган маданият ва маданий меросга шерикдирлар ва бу умумий маданият уларнинг қадриятларига озми-кўпми таъсир кўрсатган. Колумбия университети тадқиқотчиси Хабиб Боржян бу ҳудудни маданий қитъа деб атайди. Бу минтақа тарих давомида турли маданиятлар ва цивилизацияларнинг туғилишига гувоҳ бўлган. Жанубий-Ғарбий Осиё - жаҳон цивилизациясининг илк   марказларидан бири бўлиб,  дастлабки буюк империялар шу минтақада шаклланган.

Дунёнинг кўплаб динлари ва маслакларининг илдизи Жанубий-Ғарбий Осиёда жойлашган. Бу минтақа яҳудийлик, насронийлик, ислом каби илоҳий динларнинг ва зардуштийлик каби Иброҳимий бўлмаган динларнинг ватани ҳисобланади. Месопотамия цивилизациясининг энг буюк рамзларидан бири - Ҳаммуропи қонунлари лавҳасидир. Ушбу лавҳа қадимги дунёни бошқарадиган қонунлар ҳақида бугунги кунда бутун дунёга маълумот берувчи энг қадимги ёзма ҳужжатлардан биридир.

Ўтмишда Жанубий-Ғарбий Осиё минтақаси дунёнинг Шарқ ва Ғарби ўртасида маданий, илмий ва савдо алмашинувининг асосий нуқталаридан бири бўлган. Бугунги кунда ҳам, иқтисодиёт соҳасида, турли транзит йўлаклари бу минтақадан ўтади, бу эса уларга сармоя киритишни дунёнинг асосий иқтисодий фаоллари учун фойдали қилди. Шимол-жануб коридори - ушбу иқтисодий йўлакларнинг бири бўлиб, ҳозирда жаҳон иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан бирига айланган. Жанубий-Ғарбий Осиё, субконтинент ва Форс кўрфазини Ўрта Осиё, Кавказ, Шимолий Европа ва Скандинавияга боғлашнинг энг яхши йўли Шимол-Жануб иқтисодий йўлагидир. Бу махсус географик жойлашув ушбу йўналишдаги мамлакатларга минтақавий ва глобал транзит имтиёзларидан фойдаланишга имкон беради. Шимол-Жануб иқтисодий йўлагидаги давлатлар юкларни транзит қилишдан катта даромад олишлари мумкин.

Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари денгизга чиқа олмайди. Шимол-жануб йўлаги  ушбу минтақанинг минтақалараро ва халқаро иқтисодий алмашинувда иштирок этиши учун жуда муҳимдир. Бу йўлак Марказий Осиё давлатларига Чобаҳор порти орқали очиқ сувларга чиқиш имконини беради. Эроннинг жанубий-шарқида жойлашган Чобаҳор порти стратегик жойлашуви туфайли, бу давлатлар учун очиқ сувга чиқишнинг энг яқин йўлидир. Вақт маҳсулот нархининг энг муҳим параметрларидан биридир. Шимол-Жануб йўлагининг афзалликларидан яна бири - товарларнинг керакли бозорга етиб бориш вақтини қисқартиришдир. Маҳсулотнинг белгиланган жойга етиб келиш вақтини қисқартириш транспорт харажатларини камайтиришга олиб келади, бу  эса ўз навбатида маҳсулот таннархини пасайтиришнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бу ишлаб чиқарувчи учун катта рақобатбардошликни яратади. Шунинг учун, биз охирги йилларда Чобаҳор инфратузилмасини ривожлантиришга минтақавий ва минтақалараро иқтисодий кучларнинг интилишлари гувоҳи бўлмоқдамиз.

Чобаҳор портининг яна бир ўзига хос хусусияти - улкан океан юк кемаларини ўз портида қабул қилиш имкониятидир. Покистон, Aфғонистон, Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европани ўз ичига олган Чобаҳорнинг шимолида тахминан 800 миллион  кишилик бозор мавжуд  ва Чобаҳорнинг жанубида, Ҳинд океанининг қуйи қисмида каттароқ бозорни ташкил этувчи аҳоли истиқомат қилади. Дунё харитасида бу икки бозорни боғлайдиган Чобаҳордан яхшироқ жой йўқ. Истеъмол қобилияти жуда катта бўлган яхлит бозор. Шунингдек, ушбу минтақадаги тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларнинг йирик ишлаб чиқариш марказларига қарамай, шимол-жануб йўлаги ушбу минтақада савдо ҳажмини ошириши мумкин. Бу алмашинувларнинг натижаси ўлароқ - иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, ишлаб чиқариш ва минтақа аҳолисининг даромадларини ошириш имкони юзага келади.

Чабаҳор портининг кўриниши.

 Ва ниҳоят, шуни таъкидлаш керакки, алоқаларни ўрнатиш ва минтақавий битимлар тузиш учун ушбу минтақадаги давлатлар расмийларининг сиёсий иродаси зарур. Шуни унутмаслик керакки,  сиёсат ва иқтисод - ҳозирги замонда бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган икки соҳадир. Сиёсий иқтисод - бу иқтисодиёт ва сиёсат соҳасидаги унчалик ҳам  янги йўналиш эмас, бунда  иккаласининг ўзаро боғлиқлиги  ҳақида баҳс юритилади.

Глобаллашув ҳақида гапирганда ёки мамлакатлар сиёсатчилари иқтисодий дипломатия фаолиятини ўз сиёсатларида муҳим стратегия сифатида белгилашганда, бу икки соҳанинг яқин алоқаси ўзини янада кўпроқ кўрсатади.

Сиёсий омиллар, иқтисодий натижаларни аниқлашда таъсирчан ва ҳал қилувчидир: ҳам давлатларнинг ички ишлари ва ҳам мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда. Биз ҳар доим ёддан чиқармаслигимиз керакки, энди миллий даражадаги иқтисодий режалаштириш мамлакат тараққиёти учун етарли самара бера олмайди.  Агар бу режалар минтақавий ва минтақалараро даражада тузилса, бу мамлакатлар учун янада қулай шароит ва имкониятлар яратади.

Ёрлиқ