Эрон табиатининг жозибали манзаралари (72)
Тафтон тоғи
Поёнсиз Эрон заминида кўплаб ажойиб ва ғаройиб диққатга сазовор жойлар бор. Улар Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб сайёҳлар ва саёҳатчиларни жалб қилади. Бу борада Эрон тоғларининг ўз мухлислари мавжуд.
Ушбу тоғлар Эронни шимолдан жанубга ўраб турган табиий диққатга сазовор жойлар саналади. Бу эса ҳар йили кўплаб алпинистларнинг баланд чўққиларни забт этиш учун Эронга боришига сабаб бўлади. Аммо Эрон тоғлари орасида Тафтон тоғи - алпинизм ва табиатни севувчилар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган сўниб қолган вулқоннни ўз бағрига олади. Тафтон тоғи - Эрон жанубидаги энг баланд чўққиларидан бири, у дунёдаги фаол вулқонлар қаторига киради. Тоғнинг вулқон чўққиси охирги марта қарийб 7000 йил олдин отилган ва ўшандан бери фаол бўлмаган. Бу тоғ ва унинг атрофидаги ҳудудлар Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балучистон вилоятининг энг муҳим сайёҳлик марказларидан бири бўлиб, алпинизм ихлосмандлари орасида машҳур. Тафтон тоғига энг яқин шаҳар - 100 км узоқликдаги Хош шаҳри саналади.
Геологик таснифларда 10 минг йилдан камроқ вақт мобайнида фаол бўлган тоғлар фаол вулқон тоғлари деб таснифланади. Шу сабабли, Тафтон тоғининг охирги вулқон отилишидан деярли 7000 йил ўтганига қарамай, бу тоғ фаол вулқон тоғларидан бири ҳисобланади. Тафтон чўққилари 12 км майдонда тарқалган. Тоғда учта вулқон кратери бўлган тўртта тепалик бор. Тафтон тоғининг машҳур вулқон чўққиси "Чиҳил тан" (Қирқ киши) деб номланади ва унинг баландлиги денгиз сатҳидан тахминан 4040 метр баландликка етади. "Чиҳил тан" чўққиси "зиёрат" тоғи сифатида ҳам танилган. Қирқ киши номи эски афсонага асосланган бўлиб, унга кўра бу тоғда қирқ нафар тариқат аҳли йўқолган.
Тафтон тоғидаги вулқон лавалари қолдиқлари 12 квадрат километр масофани эгаллаган. Лекин бу тоғда кул қатламлари кўп эмас. Ҳозирда олтингугуртли буғларни Тафтон тоғи узра 100 км масофадан кўриш мумкин. Бу тоғдан чиқаётган газлар заҳарли. Минтақанинг сувида олтингугурт тузлари ҳам бор ва уни истеъмол қилиб бўлмайди. Шунинг учун алпинистлар Танг гулу яқинида жойлашган ва зулол сувга эга бўлган "Обхуш" булоғи деб номланувчи чашмадан фойдаланишлари керак.
Тафтон чўққилари яқинида "Дарёсар" деб номланувчи учта кўл бор. Тоғнинг шимолий қисмидаги кўллар саёзроқ ва сувлари чучук, бошқа кўл эса шўр сувли. Шунингдек, чўққиларга чиқиш йўли бўйлаб дарёлар бор, уларнинг баъзилари мавсумийдир. Бу тоғнинг энг машҳур дарёлари "Лодиз" ва "Газд" дарёларидир. Уларнинг сувлари ёмғирли мавсумда кўпаяди ва йилнинг бошқа пайтларида сув йўқ. Олтингугуртли булоқлар ва чучук сувлар ҳам тоғлар ва вулқон чўққилари атрофида жойлашган. Тафтон тоғи атрофидаги энг муҳим булоқлар - тоғ шимоли-ғарбидаги "Жам Чен" ёки "Жам Чин" минерал булоғи, тоғнинг ғарбидаги "Омени", Тафтон тоғининг жанубидаги "Торшаб" булоғи, Тафтон жануби-шарқида "Мурғоб" булоғи , "Ганж Амин" булоғи ва Тафтон тоғининг шарқидаги "Кулку", "Пучалги" ва "Повел" булоқларини кўрсатиш мумкин. Бу булоқлар сувидаги минералларнинг комбинацияси турли касалликларни даволашда ҳам ишлатилади. Ошқозон-ичак касалликлари ва суяк оғриғи асосан бу булоқларнинг минераллари ёрдамида даволанади. Бу булоқлар атрофидаги ўсимликлар ҳам юқори доривор хусусиятларга эга. Тафтон тоғ ёнбағирлари ўсимликлари буталар, аржан, тоғ бодоми, зердечал, қора бута ва кекик, ҳиндиба, қовурға ва ялпиз каби буталарни ўз ичига олади. Тафтон тоғи - туризм ва табиат туризми билан бир қаторда илмий ва геологик сайёҳлар учун яширин жаннат ҳисобланади.
Тафтон тоғининг баланд чўққилари - йил давомида алпинистлар ва мезбон спортчилар учун энг машҳур масканлардан бири. Махсус сайёҳлик ҳудудида ва Систон ва Балучистон вилоятининг баланд жойларида жойлашганлиги сабабли, бу минтақа вилоятнинг бошқа қисмларига қараганда қулай иқлим ва ўсимликларга эга ва йил давомида кўплаб сайёҳлар ва спортчилар бу ерга ташриф буюришади.
Турли боғлар, иссиқ булоқлар, совуқ сув ва ажойиб табиий бойликлар ҳам бу жойнинг жозибасини оширади. "Герош Хон" ва "Шаст худо" деб номланган иккита тоққа чиқиш йўлаги ҳам Тафтон тоғига борадиган йўлда Хош ва Заҳидон яқинида жойлашган бўлиб, бу спортнинг мухлисларини бу ерга жалб қилади.
Баландлигига қарамай, Тафтон тоғи иқлими иссиқ ва қуруқ бўлгани учун йилнинг қисқа вақтларида қор ва муз билан қопланган. Агар сиз Тафтон тоғининг чўққиларига чиқишни режалаштираётган бўлсангиз, шуни ёдда тутингки, бу тоғ ҳар фаслда қорли эмас ва ёз мавсумидаги иссиқ ва қуёш тиғи, сиз учун алпинизмни қийин машғулотга айлантириши мумкин. Баҳорда ҳаво кундузи юмшоқроқ, кечаси совуқроқ бўлади. Олтингугурт чанглари йўл бўйлаб ва тепаликка яқин бўлган жойларда тешиклардан чиқади. Шунга, улар сизни безовта қилмаслиги учун бурунни ёпиб юриш керак. Баҳор - бу тоғни ва унинг гўзал атрофларини кезиш учун энг яхши мавсум. Юмшоқ ва тоза иқлим, ялпиз ва бошқа ёввойи ўсимликларнинг хушбўй ҳиди одамларни мафтун этади. Агарчи куз ва қиш фасллари ҳам алпинистлар учун севимли мавсумлар ҳисобланса-да, чўққига чиқишни қийинлаштирадиган кучли шамоллар билан бирга келади. Агар сиз ушбу мавсумларда Тафтон чўққисига боришни режалаштирмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан алпинизм асбоблари ва жиҳозларини олиб келинг. Умуман олганда, Тафтон тоғида кундузги ва тунги ҳарорат ўртасидаги фарқ катта.