Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (10)
Ушбу дастурда сиз билан Жануби-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатларининг мудофаа саноати ҳақида гаплашамиз.
Маълумки, Жануби-Ғарбий Осиё - сиёсат ва иқтисодиёт дунёсининг энг нозик ҳудудларидан бири ҳисобланади. Илгари турли сивилизациялар шаклланишининг маркази бўлган минтақа бугун сиёсий инқирозлар ва қонли тўқнашувлар жойи саналади. Минтақанинг сиёсий тарихи шуни кўрсатадики, Жануби-Ғарбий Осиёдаги кўп мамлакатлар бундан бир аср олдин мавжуд бўлмаган. Бу мамлакатлар асосан Британия ва Франсия каби мустамлакачи давлатларнинг манфаатларига асосланиб ташкил этилган. Шу сабабли, Жануби-Ғарбий Осиё мамлакатларининг аксарияти ички курашларни бошдан кечиришдан ташқари, чегаравий низоларга ҳам гувоҳ бўлмоқда. Ушбу низолар асосан транс-минтақавий давлатлар томонидан яратилган ва қувватланади. Бой минерал ва энергетика ресурслари, портлар, учта қитъа ўртасида муҳим ва стратегик иқтисодий-сиёсий алоқа йўллари ва ниҳоят Жануби-Ғарбий Осиёнинг потенциал бозорлари мавжудлиги мустамлакачилик тарихига эга бўлган трансминтақавий мамлакатларга урушлар соясида ўз манфаатларини таъминлаш учун зарур турткини беради.
Жануби-Ғарбий Осиё мамлакатлари ҳарбий саноатига назар ташласак, бу мамлакатлар даромадларининг катта қисми қурол ишлаб чиқарувчи Ғарб давлатларидан қурол сотиб олишга сарфланади. Жануби-Ғарбий Осиёда ва айниқса Форс кўрфази минтақасида ҳарбий харажатлар ЯИМнинг юқори фоизини ташкил қилади. Минтақадаги кўпчилик давлатларда маҳаллий қурол саноати йўқ. Уларнинг ҳарбий салоҳияти Ғарб давлатларидан қурол олиб экспорт қилишга боғлиқ. Қўшма Штатлар Жануби-Ғарбий Осиёга қурол сотувчи энг йирик экспортчиси ҳисобланади. Қуролларнинг катта қисми АҚШ томонидан Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Миср, Ироқ, сионистик режим, Кувайт, Уммон ва Туркияга етказиб берилади. 2015 йилдан 2019 йилгача Саудия Арабистони, Қатар ва БАА қурол-яроғ импортида энг катта улушга эга бўлган давлатлар рўйхатида бўлган.
Қурол савдоси АҚШ каби қурол ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг иқтисодий ўсишининг таркибий қисмларидан биридир. Дунё бўйлаб ҳар куни минглаб одамларнинг ўлимига олиб келадиган бошқарилмайдиган бизнес. Бу савдодан келадиган даромад бой мамлакатларга насиб бўлса-да, унинг ҳалокатли оқибатлари асосан ривожланаётган мамлакатларга таъсир қилади. Халқаро экспертларнинг фикрича, турли хил вақтларда Ғарб сиёсатчилари минтақа давлатлари билан шартнома тузиб, қурол сотиш бозорини топиш учун дунёнинг баъзи минтақаларида нотинчлик келтириб чиқаришади. Жануби-Ғарбий Осиё минтақасида қуролланиш пойгасининг кучайиши бу даъвога далилдир. Масалан, Саддам Ҳусайннинг Кувайтга бостириб кириши ва АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Ироққа бостириб кириши, Форс кўрфази давлатларини Ғарб, айниқса АҚШ билан ҳарбий базалар қуриш ва қурол-яроғ сотиб олишни ўз ичига олган ҳарбий иттифоқларни тузишга ундади. 11 сентябр ҳужумлари, терроризмга қарши кураш баҳонасида Афғонистон ва Ироқнинг босиб олиниши, Сурия инқирози ва ИШИДнинг шаклланиши - бу Ғарбнинг минтақадаги мавжудлигини мустаҳкамлаш ссенарийсидир. Ғарб давлатлари учун Жануби-Ғарбий Осиё минтақасида нотинчлик яратишнинг энг кам самарали усули бу ҳарбий маҳсулотларни ушбу минтақа ҳукуматларига сотишдир.
Форс кўрфази давлатлари ҳар йили АҚШдан миллиардлаб долларлик замонавий ҳарбий техника сотиб олади. Ҳозирга қадар бу давлатлар томонидан баллистик ҳаво мудофааси ракеталари, ҳужум вертолётлари, илғор фрегатлар ва танкларга қарши ракеталар, ҳар хил турдаги бошқариладиган қуроллар ва бошқаларни сотиб олиш учун юзлаб миллиард доллар сарфланган. Бу ўта катта харажатлар одамларнинг турмуш даражасини яхшилашга, ҳатто минтақада фаровонлик ва иқтисодий ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширишга сарфланиши мумкин эди. Аммо, афсуски, бу минтақа мамлакатларида вайронагарчиликларга олиб келди.
Ироқ, Сурия ва Ямандаги урушларни молиялаштираётган мамлакатларнинг ютуғи инфратузилманинг вайрон қилиниши, одамларнинг ўлдирилиши ва нотинчликнинг пайдо бўлиши, пировардида бу мамлакатларнинг ўсиши ва ривожланишининг секинлашуви бўлди. Ғарбий-осиё иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Халқаро ташкилотининг (ЭСCWА) ҳисоботига кўра, Сурия иқтисодиёти саккиз йиллик уруш даврида (2011-2019 йиллар) 440 миллиард доллардан зиёд сармоя ва ЯИМ йўқотди. Айни пайтда уй-жой, тоғ-кон саноати, транспорт, хавфсизлик, ишлаб чиқариш, электр ва соғлиқни сақлаш соҳалари энг кўп зарар кўрди. Шунингдек, 12 миллион одам Сурия ичкарисида ва ташқарисида қочқинларга айланди
Бугунги минтақа ҳақиқати шуни кўрсатадики, Форс кўрфази мамлакатларининг қурол-яроғ учун катта харажатлари улар учун ҳеч қандай фойда келтирмаган. Яманга бостириб кириш пайтида, БАА ва Саудия Арабистони бир неча кун ичида ғалаба қозонамиз деб ўйлаган эдилар. Бироқ улар замонавий мудофаа ускуналарига эга бўлишларига қарамай, Яман уруши бошланганидан бир неча йил ўтиб, улар нафақат мамлакатни ишғол қила олишмади, балки катта йўқотишларга ҳам дуч келишди. Бошқа томондан, Яман халқи урушни Саудия Арабистони ҳудудига ва ҳатто унинг пойтахтига тортишга муваффақ бўлди. Афсуски, минтақадаги баъзи мамлакатларнинг ҳарбий салоҳиятлари ва жиҳозлари ғарбдаги тажовузкор ва золим душманга қарши ишлатилиш ўрнига, дўстга қаратилган.
Қачонки Жануби-Ғарбий Осиё минтақаси жаҳон иқтисодий алмашинуви ва сиёсий мувозанатида ҳал қилувчи аҳамиятни касб этишда давом этаркан, Ғарб мустамлакачи мамлакатларининг минтақадаги ички ишларга аралашиш ва тажовузкор сиёсати камаймайди. Шу боис, минтақа давлатлари мунтазам ўсиб борувчи ва мувозанатли иқтисодга эга бўлишлари учун, аввало, мустамлакачи давлатларга қарши ўз хавфсизлигини сақлаб қолишлари керак. Бунинг учун эса мудофаа саноатига эътибор қаратиш зарур.
Эроннинг ривожланаётган тармоқлари орасида, Ислом инқилоби ғалабасидан кейин мамлакат мудофаа саноати маҳсулотлари сифат ва миқдор жиҳатидан сезиларли ўсиш ва сакрашга эришди. Эрон Ислом Жумҳурияти бошиданоқ душман давлатлар томонидан ҳар хил фитналарга дуч келган ва улар орасида ҳарбий ҳужум таҳдиди энг кенг тарқалганидир. Ироқдаги Бас режимининг Эронга қарши саккиз йиллик уруши бу душманликнинг яққол намунасидир. Шунинг учун, жанговар ҳаракатлар билан курашиш учун кучли қуролли кучларга эга бўлиш зарур. Сиёсий адабиётларда бу тўхтатувчи куч сифатида изоҳланади ва ислом тизимининг энг муҳим Қуръоний мақсадларидан биридир. Аллоҳ таоло муборак Анфол сурасининг 60-оятида мусулмонларга ҳар хил қурол-яроғ ва аслаҳалар орқали, душманларга қарши куч-қудратга эга бўлишни буюради:"Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз"
Сўнгги ўн йилликларда Эрон Ислом Жумҳурияти мудофаа саноатига сармоя киритиб, ички кучига таяниб, ҳарбий қудратини ошириш орқали Эроннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш интилди. Эрон мудофаа саноатининг минтақадаги бошқа мамлакатлардан фарқи шундаки, Эрон мудофаа саноати соҳасида ўзгача стратегияга эга. Мамлакатларнинг ҳарбий қудратини ўлчашнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бу мудофаа ускуналари ишлаб чиқариш миқдори ва ҳарбий билимга эга бўлиш даражасидир. Эрон Ислом Жумҳурияти ҳарбий билимлар ва дизайн ва ҳарбий техникаларни ишлаб чиқариш бўйича минтақада етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бугунги кунда кўплаб нозик ва муҳим мудофаа маҳсулотлари, жумладан, баллистик ракеталар, денгиз қанотли ракеталари, ер усти қанотли ракеталари, ҳаво ҳужумидан мудофаа ракета тизимлари, турли радарлар, разведка дронлари, индивидуал ускуналар, ҳарбий кемалар ва бошқалар Эрон мудофаа саноати мутахассислари томонидан яратилиб, ишлаб чиқарилмоқда.
Халқаро ҳарбий муассасаларга кўра, 2019 йилда Эроннинг ҳарбий бюджети шу йил Саудия Арабистони ҳарбий бюджетининг чорак қисмига яқин бўлган.
Глобал Фирепоwер Cентер ўзининг 2020 йилги ҳисоботида турли мамлакатларнинг ҳарбий имкониятларини баҳолади. Тадқиқотда 55 та компонент, жумладан, илғор техника ва технологиялар, ҳаво, қуруқлик, денгиз кучларининг ҳарбий қудрати ва бошқа ҳарбий ва мудофаа қобилиятлари тафсилотлари, қолаверса, иқтисодий имкониятлар, молиявий барқарорлик ва табиий ресурслар кўриб чиқилган. Ушбу ҳисоботга кўра, Эрон жаҳон ҳарбий қудратлари ўртасида ўн тўртинчи, Осиёда бешинчи ўринни эгаллаган. Исломий Эрон ушбу рейтингда Саудия Арабистони, сионистик режим, Австралия, БАА, Кувайт, Ироқ, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Уммон ва бошқа давлатлардан юқоридан жой олди
Баъзида имкониятлар ва салоҳиятлар атрофида иқтисодий конвергенциялар шаклланади, баъзида эса умумий таҳдидлар мамлакатларнинг яқинлашуви ва конвергенциясига олиб келиши мумкин. Жануби-Ғарбий Осиё минтақасида Ғарб ҳарбий кучларининг борлиги минтақадаги барча давлатлар учун умумий хавф ҳисобланади. Албатта, минтақа аҳолисининг манфаатлари ҳеч қачон бу давлатларнинг манфаатларига тўғри келмайди. Бу борада Эрон Ислом Жумҳуриятининг мудофаа сиёсати минтақадаги барча давлатларни қамраб олиб, минтақалараро душманларга қарши қаратилган. Йиллар давоми кўрсатганидек, Исломий Эрон Ироқ ва Сурия каби минтақадаги турли мамлакатлар аҳолиси олдида тажовуз, нотинчлик ва хорижий душманларнинг фитналарига қарши турди ва мазлум ва азоб чеккан халқ ҳимояси учун ўз ҳарбий жиҳозларини дариғ тутмади.