Байден ҳукумати Саудия Арабистонига қурол сотишга рози
АҚШ давлат департаменти Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик ҳаво-ҳаво ракеталари ва тегишли жиҳозларни сотишга рози бўлди. Вашингтоннинг таъкидлашича, ракеталарнинг Саудия Арабистонига сотилиши Арабистон ва АҚШ ҳарбий хизматчиларига хавф туғдирадиган трансчегаравий дрон ҳужумлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
АҚШ Мудофаа хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги пайшанба куни Конгрессга йўллаган мактубида аслаҳаларнинг сотилиши "АҚШ ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаши" ҳақида маълум қилди. Мактубда Саудия Арабистони “Яқин Шарқдаги иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар учун муҳим куч” бўлган “дўст мамлакат” сифатида таърифланган.
АҚШнинг янги қуролларининг Саудия Арабистонига сотилиши Америка президенти Жо Байденнинг Ямандаги урушни тугатиш ва Саудия Арабистонига ҳужум қуролларини етказиб берилишига йўл қўймаслик ҳақидаги ваъдасига зиддир.
Саудия жангчилари томонидан Ямандаги тинч аҳолини нишонга олиш учун Америка қуролларидан фойдаланиш инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан кўплаб танқид ва хавотирларни келтириб чиқарди. Қурол битимини оқлаш мақсадида Байден ҳукумати Саудия Арабистонига фақат ракета захираларини тўлдиришда ёрдам бермоқчи эканини даъво қилиб, ракеталар ердаги нишонларга зарба бериш учун ишлатилмаслигини таъкидлади.
Байден маъмуриятининг Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва Саудия режими устидан назоратни кучайтириш ҳақидаги дастлабки даъволарига қарамай, АҚШнинг Ғарбий Осиё минтақасидаги узоқ муддатли геосиёсий манфаатлари Вашингтонни Ар-Риёдга нисбатан ўз позициясини босқичма-босқич ўзгартиришга олиб келди. Амалдаги президент Жо Байден 2021 йил январ ойида лавозимга киришгач ва унинг ва давлат котиби Энтони Блинкен каби юқори мартабали ҳукумат амалдорлари Вашингтон-Ар-Риёд муносабатларини қайта кўриб чиқиш бўйича туб ўзгаришлар кутилган эди. Аммо ҳозир маълум бўлдики, бу ваъдаларга қарамай, АҚШнинг Форс кўрфази ва Ғарбий Осиёдаги асосий иттифоқчиларидан бири сифатида Саудия Арабистонига нисбатан умумий сиёсати ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мудофаа атрофида давом этмоқда. Шу боис икки давлат ўртасидаги ҳарбий ёрдам ва ҳамкорлик давом эттирилади.
Араб сиёсий эксперти Тоҳа ал-Они шундай дейди: Байден маъмурияти Саудия Арабистонига нисбатан Трамп маъмуриятидан фарқли сиёсат олиб борган ва Форс кўрфази давлатлари билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилган бўлса-да, Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги ҳарбий машғулотлар тўхтагани йўқ.
Байден ҳукумати Саудия Арабистони коалициясининг Яманда давом этаётган уруши сабабли Саудия Арабистонига қурол-яроғ етказиб беришни вақтинча тўхтатган бўлса-да, чекловлар деб аталадиган нарса фақат ҳужумкор қуролларга тегишли кўринади. Шу сабабдан ва Яманнинг Саудия Арабистонига ҳужумларини давом эттириш баҳонасида Байден ҳукумати Саудия режимини имкон қадар кучайтиришда давом этмоқда. "Қўшма Штатлар ҳеч қачон фақат нефт сотиб олиш ва қурол сотиш учун ўз тамойилларидан воз кечмайди", деган эди Байден Саудия Арабистонига қурол савдоси тўхтатилганини эълон қилар экан.
Бироқ, бу ваъда ҳаводан ерга ҳужум қуролларини сотишни тўхтатиш билан чегараланган кўринади.
Саудияликлар энди Яман муқовимат кучларининг ракета ва учувчисиз ҳаво ҳужумларидан хавотирланиб, нефт ва стратегик иншоотларини ҳимоя қилиш баҳонасида Америкадан илғор қуролларни сотиб олишни ва аслида эса Ар-Риёд ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни тиклашни кўзламоқда. Байден маъмуриятининг Ар-Риёд сўровига ижобий муносабат билдириши, Вашингтоннинг Саудия Арабистони коалициясининг олти йилдан ортиқ вақтдан бери шафқациз ҳужумлари нишонига айланган урушдан вайрон бўлган Яманда энг катта гуманитар фалокатлардан бири рўй берганига эътибор бермаслигини кўрсатади. Вашингтон ҳануз Ғарбий Осиёдаги сиёсатида ўзи ва иттифоқдошларининг иқтисодиётини бирламчи ўринга қўймоқда.