БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистонга ёрдам кўрсатишни енгиллаштирувчи резолюция қабул қилинди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши аъзолари чоршанба куни Афғонистонга ёрдам кўрсатишни осонлаштирувчи резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши билан иқтисодий таназзул ёқасида турган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказилиши осонлаштирилади, бироқ айни пайтда Толибон бу молиявий ёрдамдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Қарор Афғонистонда гуманитар ёрдамни ўз вақтида етказиб бериш ёки бундай фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган маблағларни тўлаш, молиявий активлар ёки иқтисодий ресурслар, товарлар ва хизматлар билан таъминлашга рухсат беради. Бу ёрдам Афғонистондаги асосий гуманитар эҳтиёжларни қўллаб-қувватлайди ва Толибонга алоқадор муассасаларга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бузмайди.
Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Афғонистондаги иқтисодий вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани ва бу мамлакат аҳолисининг қашшоқлик даражаси ошиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган кўринади. Шунинг учун ҳам Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзолари ёқлаб овоз берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, Афғонистонда қашшоқлик даражаси ҳозирда 72 фоизни ташкил этади, агар ҳозирги тенденция давом этса, келаси йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 97 фоизга етади. Ташкилот расмийлари Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тузилмаси барбод бўлишининг олдини олиш учун маблағ ажратишга чақирган.
БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебораҳ Лёнс:
Афғонистон активларини тўсиб қўйиш, шунингдек, инсонпарварлик ёрдамининг мамлакатга етиб боришига тўсқинлик қилиш миллионлаб афғонларни очлик хавфи остида қолдиради ва афғон қочқинларининг катта оқимини келтириб чиқаради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг огоҳлантиришлари Ғарбнинг афғон активларини, хусусан, Қўшма Штатларда тўсиб қўйиш сиёсатига асосланади ва Афғонистон билан қандай муносабатда бўлиш ҳақида аниқ тасаввурни тақдим этмайди. 2021-йил август ойи ўрталарида Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан бери АҚШ Афғонистон Марказий банкининг 9,5 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди. Ҳозирча ҳеч бир давлат Толибонни тан олмаган. Толибон ҳам АҚШнинг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилгани боис, уларнинг афғон активларига кириш имкони йўқ. Бироқ бу ноаниқ вазият ҳамда Толибон ҳаракатининг тан олинмаслиги ва санкциялар Афғонистон халқини бу давлатга ёрдам кўрсатиш йўлида турли тўсиқлар мавжудлиги сабабли амалда гуманитар фалокат ёқасига қўйди. Бу Хавфсизлик Кенгашининг икки доимий аъзоси Россия ва Хитойнинг Ғарб, хусусан АҚШга нисбатан Афғонистонга нисбатан ёндашувини танқид қилишига сабаб бўлди. Бу Афғонистонга ёрдам кўрсатишни осонлаштирувчи резолюциянинг яқинда қабул қилиниши чоғида яққол намоён бўлди. Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиш ва санкциялардан озод қилиш бўйича алоҳида келишувга эришишни назарда тутувчи АҚШ таклиф қилган аввалги резолюция лойиҳаси Хитой ва Россия томонидан маъқулланмаган эди. Натижада АҚШ таклиф қилган резолюция лойиҳаси бўйича музокаралар қийинлашди.
Хитойнинг фикрича, Афғонистонга қарши санкциялар қўмитасининг техник кўрсатмалари гуманитар соҳага санкциялар киритилмаганини кўрсатади. Россия ҳам Хитойнинг позициясини қўллаб-қувватлади. Бу эса Қўшма Штатларни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини ҳар қандай санкциялардан чиқариб ташлашни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, Афғонистондаги халқаро ҳамжамият ролининг муҳимлигини таъминлашга мажбур қилади. Хавфсизлик Кенгашининг афғон халқига ёрдам кўрсатишга кўмак берувчи резолюцияси қабул қилинганига қарамай, асосий масала Афғонистондаги сиёсий вазият ва Толибон ҳаракатининг позициясини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро кучлар нуқтаи назаридан аниқлашдир.
Дарҳақиқат, Афғонистон билан турли сиёсий, иқтисодий, савдо ва хавфсизлик жиҳатларида қандай муносабатда бўлиш, Толибон ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаганини ҳисобга олсак, ҳозирча ноаниқ.