Финляндиянинг НАТОга расмий аъзолиги ва Россиянинг салбий муносабати
(last modified Wed, 05 Apr 2023 08:36:40 GMT )
апрел 05, 2023 13:36 Asia/Tashkent
  • Финляндиянинг НАТОга расмий аъзолиги ва Россиянинг салбий муносабати
    Финляндиянинг НАТОга расмий аъзолиги ва Россиянинг салбий муносабати

 НАТО Бош котиби Янс Столтенберг сешанба куни Финляндия НАТОга аъзо бўлганини маълум қилди. У Финляндия дунёдаги энг йирик ҳарбий алянснинг 31-аъзосига айланишини таъкидлади ва унинг қўшниси Швеция яқин ойларда иттифоққа қўшила олишига умид билдирди.

НАТО ташқи ишлар вазирларининг Брусселдаги йиғилиши арафасида Столтенберг бу ҳафтани "тарихий ҳафта" деб атади ва Финляндиянинг аъзолигини маъқуллаган энг охирги давлат бўлган Туркия сешанба куни расмий ҳужжатларини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга топширишини маълум қилди.Туркия 2023 йил март ойида Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш илтимосига рози бўлган 30 аъзолик НАТО иттифоқининг сўнгги аъзоси эди. Сешанба куни тушдан кейин Финляндия байроғи НАТО штаб-квартирасида "биринчи марта" ҳилпиради. Столтенберг бу сешанба кунини “Финляндия хавфсизлиги, Шимолий Европа ва бутун НАТО хавфсизлиги учун” яхши кун деб атади.

Маросимда Финляндия президенти Саули Ниинисто, мудофаа вазири Антти Кайконен ҳамда ташқи ишлар вазири Пекка Ҳависто иштирок этди. Столтенберг бу борада айтди:“Бу биз учун тарихий лаҳза. Финляндия учун бу учрашувдаги энг муҳим мақсад НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлашига урғу бериш бўлади. Биз бутун Евро-Атлантика минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга интиламиз.

Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши Россиянинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Душанба куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грошко НАТО Бош котиби Янс Столтенбергнинг сешанба куни Финляндия расман НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги баёнотига жавобан, Москва ўзининг ҳарбий салоҳиятини ғарбий ва шимоли-ғарбий йўналишларда кучайтиришини айтди. Грошко бу ҳақда огоҳлантирди ва деди:“Агар НАТОнинг бошқа аъзолари Финляндияда қўшин ва ҳарбий техникани жойлаштирса, Москва ўзининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўради”.

НАТО

 

Асосан НАТО ва Ғарбга йўналтирилган Киев ҳукуматининг Украинанинг ушбу Ғарб ҳарбий ташкилотига аъзо бўлишини талаб қилгани учун ҳозир Украинада катта уруш олиб бораётган Россия Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қарши. Москва нуқтаи назаридан, бу Россиянинг НАТО томонидан блокадасининг кенгайтирилишини англатади, энди у Россиянинг ғарбий чегараларидан ташқари, ушбу мамлакатнинг шимолий чегараларида кучли иштирок этишни мақсад қилган. Москва Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши сиёсий ва ҳарбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Россия Хавфсизлик Кенгаши депутати Дмитрий Медведев, агар Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилса, Россия яна иккита “расмий рўйхатга олинган” душманга эга бўлишини ва НАТОнинг Россия билан қуруқликдаги чегаралари узунлиги икки баравардан ошиб кетишини таъкидлаган эди. Медведевга кўра, агар бу икки давлат НАТОга кирса, Болтиқ денгизида ядро қуролидан холи вазият ҳақида гапиришнинг иложи йўқ.

Шимолий Европадаги Финляндия ҳар доим Россия билан қўшнилиги ва алоҳида географик жойлашуви нуқтаи назаридан русларнинг катта сезгирлигини уйғотган. Совуқ уруш даврида Финляндия Совет Иттифоқи билан чегара ва географик жойлашуви, ҳарбий қудратига ва сиёсий таъсирига таъсири туфайли нейтрал позицияни эгаллади. Бироқ, 2022 йил феврал ойи охирида Украинада уруш бошланганидан сўнг, НАТО ва Америка раҳбарлари Европада ўйин қоидалари тубдан ўзгарганини даъво қилишди ва нейтраллик билан боғлиқ эски тушунчалар энди Финляндия ва Швециянинг сиёсий фаолияти учун асос сифатида мос эмас ва шу маънода улар бу икки давлатнинг НАТОга қўшилишини хоҳлашди. Бу талаб Финляндия ва Швециядан ижобий жавоб олди ва бу икки давлатнинг аъзолик жараёни ўша пайтдан бошланди. Бундан олдин, Финляндия ва Швециянинг НАТО билан яқин ҳамкорлик йўли охир-оқибат бу икки давлатнинг ушбу пактга аъзо бўлишига олиб келиши башорат қилинган эди.

Албатта, Финляндия НАТОга аъзо бўлишига қарамай, Туркиянинг давомли қаршиликлари туфайли Швециянинг ушбу ҳарбий ташкилотга аъзолиги тўхтаб қолган. Бироқ Шимолий Европанинг бу икки давлатининг НАТОга аъзо бўлиш қарори русларнинг хавотирини ва Москванинг бу икки давлатга қарши муносабатини кучайтирди. Энди Финляндиянинг НАТОга аъзолигини амалга ошириш билан бу миллий хавфсизликни оширишни англатмайди, балки, бу Шимолий Европа давлатига ва Болтиқбўйи минтақаси хавфсизлигига нисбатан мисли кўрилмаган таҳдидларнинг кучайишига олиб келади.