Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sun, 23 Jul 2023 06:11:09 GMT )
июл 23, 2023 11:11 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 16-23 июль кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Ўзбекистонда биринчи марта 8 млн тонна ғалла етиштирилди
  • Ўзбекистонда инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси кетма-кет бешинчи ой давом этмоқда
  • Ўзбекистон Грузиянинг Поти портида логистика маркази ташкил этмоқчи
  • Ўзбекистонда жиноятчилик сони 4 йилда қарийб 3 бараварга ошди
  • Абдулла Арипов Озарбайжон президенти билан учрашди
  • Ўзбекистон ҳужжат ва кутубхона соҳасида Эрон тажрибасидан фойдаланади
  • Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Жидда шаҳрида учрашув ўтказди
  • 6 ойда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси қарийб 30 млрд долларни ташкил қилди
  • Абдулла Арипов Душанбеда Имомали Раҳмон билан учрашди

***

Ўзбекистонда биринчи марта 8 млн тонна ғалла етиштирилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар республика бўйича фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 8,1 млн тоннадан ортиқ дон етиштирилди. Сувли майдонларда ўртача ҳосилдорлик 70,5 центнердан ортди.

“Ҳосилдорликни ошириш мақсадида биологик эскирган навлар ўрнига янги юқори ҳосилли, об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли 12 та кузги буғдой навларининг майдони 585 минг гектарга кенгайтирилди”, дейилади вазирлик сархисобида.

Ғалланинг ривожланиш фазалари ва навларининг пишиш ҳолатидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида 22 май, Қашқадарёда 24 май, Сирдарё, Тошкент ва Бухорода 29 май, Жиззахда 31 май ҳамда Фарғона ва Навоийда 2 июнь, Андижон, Самарқанд ва Хоразмда 5 июнь ҳамда Қорақалпоғистон республикасида 8 июндан ғалла ўрим ишларига киришилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Ўзбекистонда ғалла ҳосилдорлиги ошгани ҳақида гапириб, ғалла ҳосилдорлиги 57 центнердан 70 центнерга ошди ва 2023 йил ялпи ишлаб чиқариш 8,1 млн тонна бўлиши кутилаётганини маълум қилган.

***

Ўзбекистонда инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси кетма-кет бешинчи ой давом этмоқда

Ўзбекистонда кутилаётган инфляция кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда. Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар бўйича июн ойида ўтказилган сўровида бизнес ва уй хўжаликлари келгуси 12 ой ичида нархларнинг ошишига асосан валюта курсининг ўзгариши таьсир қилишини қайд этган.

Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субектларининг инфляцион кутилмалари январ ойида кузатилган рекорд даражадаги ўсишдан сўнг кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда, деб хабар берди Марказий банк. Июн ойи якунларига кўра, аҳолининг нарх бўйича кутилмалари ўртача 13,3 фоизни (май ойига нисбатан -0,4 фоиз), тадбиркорларники эса 13,3 фоизни (-0,3 фоиз) ташкил этди.

Июн ойидаги сўровларда тадбиркорлар кутаётган хавфлар орасида валюта курси ўзгариши омили кескин ошди ва 11 фоиз пунктга кўтарилиб, 55 фоизни ташкил этди. Валюта курсининг ўзгариши аҳолининг ҳам энг кўп хавфсираётган омили — буни респондентларнинг 50 фоизи қайд этган. Эслатиб ўтамиз, шу кунларда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси ўзининг тарихий максимумини янгилади.

Бизнес ҳали ҳам инфляцияга иш ҳақининг ошиши — 39 фоиз (36 фоиз) ҳамда ёқилғи ва энергия нархининг ошиши — 32 фоиз (30 фоиз) та’сир қилади, деб ҳисобламоқда.

Респондентларнинг қарийб 27 фоизи (ўтган ой деярли 30 фоизни ташкил этган) йил охиригача инфляция расман прогноз қилинган даражада бўлишини (9−12 фоиз) кутмоқда. Шу билан бирга, инфляция 13−16 фоиз ва 17−20 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилган респондентларнинг улуши бироз ошди. Инфляция 5 фоиз ва ундан паст даражада бўлишини кутаётган респондентлар сони кескин ошди.

***

Ўзбекистон Грузиянинг Поти портида логистика маркази ташкил этмоқчи

Ўзбекистон Грузиянинг Поти портида логистика маркази ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШ, Канада ва Японияга солиқ ва Грузиянинг ушбу давлатлар билан GSP+ дастуридан фойдаланган холда божхона божисиз ре-экспорт қилиш имконини беради.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси бошчилигидаги делегация Грузияда «Грузия кийим-кечак ва мода» уюшмаси (GAFA) ва 10 дан ортиқ йирик грузиялик экспортёр ва импортёр компаниялар билан давра суҳбати ўтказган. Музокаралар натижасида, икки томонлама савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, Грузия компанияларининг Ўзбекистондаги тўқимачилик соҳасидаги тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш ва бошқа кенг қамровли ҳамкорлик масалалари бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Шунингдек, «Поти эркин иқтисодий зонаси» бош директори Давид Ебралидзе билан Поти эркин иқтисодий зонасида логистика марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолашга эришилган.

Таъкидланишича, бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШ, Канада ва Японияга солиқ ва Грузиянинг ушбу давлатлар билан GSP+ дастуридан фойдаланган холда божхона божисиз ре-экспорт қилиш имконини беради. Зона ҳудудидаги корхоналар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ҳам мумкин бўлади.

***

Ўзбекистонда жиноятчилик сони 4 йилда қарийб 3 бараварга ошди

Ўзбекистонда судланганлар ва озодликдан маҳрум қилинганлар сони 4 йилда каррасига ошган. Судланган вояга етмаганларнинг сони 3 баравардан кўпроққа ошган. Бу Олий суд очиқлаган статистик маълумотларига таяниб газета. уз хабар бермоқда.

Ўзбекистон Олий суди 4 йил (2019−2022) давомида кўриб чиқилган ишлар, судланганлар сони ҳамда уларнинг жинси ва жазо турлари бўйича статистик маълумотларни очиқлади.

Унда келтирилишича, биринчи инстанция судларида кўриб чиқилган жиноят ишлари ва судланувчи шахслар сони 4 йил давомида ўсиб борган.

Бунда 2019 йилда кўрилган ишлар 28 846 та ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 58 697 тага етган. Судланувчи сифатида қатнашган шахслар мос равишда қарийб 2 бараварга ошиб, 36 845 нафардан 75 078 нафарга етган.

Статистикага кўра, 2019 йилда 27603 киши судланган бўлса, 2022 йилга келиб бир йилда 56 мингдан ортиқ шахс судланган (2-жадвал).

Олий суд тақдим этган рақамларга кўра, мамлакатда оғир ва ўта оғир турдаги баъзи жиноятларни содир этиш ҳам ўсган. Хусусан, тўрт йилда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 376 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 422 тага етган. 2021 йилда эса 440 тани ташкил этган.

Бундан ташқари, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам ошган. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича жиноятлар тўрт йилда 2 баробардан кўпроққа ошган.

Статистик маълумотда келтирилишича, судланганлар орасида вояга етмаганлар сони тўрт йилда 3,5 бараварга ошган. Хусусан, 2019 йилда бу кўрсаткич 497 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 1773 тага етган.

Тўрт йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони қарийб 3 баробар ортган. Улар сони 2019 йилда 6955 киши бўлган бўлса, 2022 йилда 17610 кишига етган.

***

Абдулла Арипов Озарбайжон президенти билан учрашди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси Бокуда бўлиб турибди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қабулида бўлди. Суҳбат аввалида Арипов Озарбайжон президентига давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари мамлакат етакчисини ва бутун Ўзбекистон халқини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Учрашувда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар Ўрта йўлак ҳамда Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжондаги эркин иқтисодий зонадаги фаолияти истиқболлари муҳимлигини таъкидлашган.

Алиев Боку ва Тошкент савдо-иқтисод, энергетика, транспорт-логистика ва саноат ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларга амалга ошираётганини урғулади.

***

Ўзбекистон ҳужжат ва кутубхона соҳасида Эрон тажрибасидан фойдаланади

Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази раҳбари ҳужжат ва кутубхона соҳасида Эрон тажрибасидан фойдаланишга алоҳида урғу берди.

Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази раҳбари Шоҳазим Маноров шундай деди: Эроннинг ҳужжат ва кутубхоналар соҳасидаги қимматли тажрибаларидан фойдаланиш Эронга сафарнинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Ўзбекистон Сивилизация маркази раиси қўшимча қилди:Ўзбекистон давлати учун исломшунослик ва эроншунослик алоҳида аҳамиятга эга.

Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтнинг хабар қилишича, Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази раҳбари Шоҳазим Маноров ва унинг ҳамроҳлигидаги делегация Миллий кутубхонага ташриф буюриш чоғида архивлар ташкилоти ва Эрон Миллий кутубхонаси раҳбари Алиризо Мухторпур ва унинг ўринбосарлари билан суҳбатлашди.

Эрон Миллий архив ва кутубхона ташкилоти раҳбари Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази раҳбари Шоҳазим Маноров ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация иштирок этганидан мамнунлигини билдирар экан, икки давлат ўртасидаги илмий-маданий меморандумнинг амалга оширилишини алоҳида таькидлади.

Ушбу учрашув якунида Эрон Миллий кутубхона ва ҳужжатлар ташкилоти раҳбари Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази раҳбарига Эрон Миллий кутубхонаси эмблемасини тақдим этди.

***

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Жидда шаҳрида учрашув ўтказди

19 июль куни Саудия Арабистонида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари ва Форс кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгашининг биринчи саммити доирасида Шавкат Мирзиёев билан учрашди. 

Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳам икки томонлама даражада, ҳам минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳолатини муҳокама қилди. Икки давлатнинг Марказий Осиё давлатлари ва Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик кенгаши биринчи саммитида иштирок этиши давлатлар манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди. 

Учрашув давомида томонларни қизиқтирган бошқа мавзуларда ҳам самарали мулоқот амалга оширилгани айтилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ушбу саммит доирасида Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ҳам учрашди ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди.

***

Абдулла Арипов Душанбеда Имомали Раҳмон билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ўзаро келишувига асосан мамлакат ҳукумати делегацияси жорий йилнинг 21 июль куни Тожикистонга ташриф буюрди.

Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегациясини қабул қилди.

Ўзбекистон бош вазири мамлакатда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни дастлабки дақиқаларда президент Имомали Раҳмон табриклаганини билдириб, бу қардош Тожикистон давлати мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётганидан далолат эканини қайд этди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.