Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 26 май -2 июн кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Тошкентда Ўзбекистон ва Россия президентларининг музокаралари бошланди
- Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Владимимр Путиннинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда ёз фаслида АЭС қурилиши бошланади
- Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилади
- Ўзбекистон президенти Миср Сенати раисини қабул қилди
-
Ўзбекистон республикасининг давлат қарзи 35 млрд долларга яқинлашди
- Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг туризм йўналиши бўйича раислиги Ўзбекистонга ўтди
**
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бошланди.
Мирзиёев ва Путин учрашуви кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.
Спутник сайтининг хабар қилишича, амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган. Президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этишади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.
Халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев шахсан ўзи кутиб олди.
**
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви
Суҳбат аввалида Мирзиёев олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Россия президенти қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифларидан бирини айнан Ўзбекистонга амалга ошираётганини алоҳида таъкидлади.
Кун сайтининг хабар қилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, "Иннопром" кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтгани, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.
Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.
Путинг ва Мирзиёев ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.
Россия ва Ўзбекистон етакчилари энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Кўп қиррали маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётганига юқори баҳо берилди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.
Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
**
Росатом” бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистонда шу йил ёзида кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланишини хабар қилди.
Қалампир сайтининг “Росатом” бош директори Алексей Лихачев сўзларига таяниб хабар қилишича, "Росатом" кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича биринчи экспорт шартномасини имзолаш орқали ўзининг инкор этиб бўлмайдиган глобал етакчилигини тасдиқлади ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз шу ёзда қурилишни дарҳол бошлаймиз".
“Атомстроекспорт” АЖ (“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” давлат унитар корхонаси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси бўйича қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) бўлган атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи сифатида ишлайди, қурилишда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади.
Лихачевнинг айтишича, “Росатом” Ўзбекистонда юқори қувватли атом электр станциясини қуриш масаласини ҳам олиб ташламаяпти.
“Биз жами 2,5 гигаватт қувватга эга бўлган йирик станция қурилиши ҳақидаги масалани кун тартибидан олиб ташламаяпмиз”, дейди Лихачев.
Айтиш керакки 27 май куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида Россия ва Ўзбекистон делегациялари Ўзбекистонда Россия лойиҳасидаги кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича ҳужжатларни имзолаганди.
Кремль ўз сайтида Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қўшма баёноти матнида кеча Россия ва Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттиришни маълум қилинганини хабар қилди.
**
Таиланд 1 июндан мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини 57 дан 93 тага оширмоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Газета сайтининг хабар қилишича 1 июндан Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилмоқчи.
Хабарга кўра, 28 май куни Таиланд Вазирлар Маҳкамаси кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш учун бир қатор янги виза имтиёзларини тасдиқлади.
Жумладан, визасиз режим, талабалар учун узоқроқ қолиш имконияти ва нафақахўрлар учун мажбурий тиббий суғурта даражасини пасайтириш бунга мисолдир.
Ҳукумат вакили Чай Вачаронкенинг сўзларига кўра, визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони 57 дан 93 тага кўпаяди. 36 та янги давлат қаторига Албания, Камбоджа, Хитой, Ҳиндистон, Ямайка, Қозоғистон, Лаос, Мексика, Марокаш, Панама, Руминия, Шри-Ланка ва Ўзбекистон киради.
Аввалги тартибда Ўзбекистон фуқаролари Таиландга етиб боргандан сўнг 30 кун қолиш шарти билан виза олишлари керак эди.
**
Шавкат Мирзиёев кеча, 30 май куни, Миср Араб Республикаси Сенати раиси Абдулваҳоб Абдулрозиқ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Ўзбекистон президент матбуот хизматига таяниб, Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашув аввалида Сенат раиси Ўзбекистон етакчисига Миср президенти Абддулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражадаги мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ва Миср парламентлараро алоқаларни янада фаол ривожлантириш, қонун чиқарувчи органларда дўстлик гуруҳларини тузиш, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро тузилмалар, жумладан, Парламентлараро иттифоқ, Қўшилмаслик ҳаракати ва Араб парламенти доирасида амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
**
Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2024 йил 1 январь ҳолатига 34,9 млрд АҚШ долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,4 фоизни ташкил этдию
Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳисоботига таяниб Қалампир сайтинг хабар қилишича, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2024 йил 1 январь ҳолатига 34,9 млрд АҚШ долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,4 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон давлат ташқи қарзи – 29,6 млрд АҚШ доллари, давлат ички қарзи – 5,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади.
Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Жаҳон банки – 6,6 миллиард доллар, Осиё тараққиёт банки – 6,4 миллиард доллар ва халқаро инвесторлар – 3,4 миллиард доллар бўлди.
Ўтган йил давомида ҳам Ўзбекистон 2020 йилда чиқарилган 2 триллион сўмлик уч йиллик халқаро облигацияларни тўлаган. Ҳисоботда, шунингдек, мамлакат ташқи қарзларининг 71,4 фоизи долларда, 6,9 фоизи сўмда, 6,2 фоизи япон иенасида экани қайд этилган.
**
ИҲТашкилотининг туризм йўналиши бўйича раислиги Ўзбекистонга берилди.
Ўзбекистон Туризм қўмитасига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, 31 май куни Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм вазирлари йиғилишида халқаро тадбирни ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилган тайёргарлик ишлари ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантиришда олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
Юқори даражадаги экспертлар гуруҳи йиғилишида расмийлар томонидан Ташкилотда туризм йўналиши бўйича раислик Озарбайжон республикасидан Ўзбекистонга ўтганлиги эълон қилинди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон раислиги доирасида Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида туризм ҳамкорлигини, жумладан, яшил ва барқарор туризм, смарт туризм, туризм логистикаси ва бошқа қатор йўналишларда самарали лойиҳалар ва ташаббуслар амалга оширилишига ишонч билдирдилар.