Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланди
(last modified Fri, 16 Dec 2016 13:14:34 GMT )
декабр 16, 2016 18:14 Asia/Tashkent
  • Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланди

Ўзбекистон Ҳукумат порталида бош вазир Абдулла Арипов бошлиқ Вазирлар Маҳкамасининг янги шахсий таркибидаги бир қатор тайинланишлар эълон қилинди. 

Шу кунгача «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига раҳбарлик қилиб келган Ачилбай Раматов Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси — Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва курилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари этиб тайинланди.

Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ҳукуматда бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилган Рустам Азимов Вазирлар Маҳкамасининг янги таркибида бош вазир ўринбосари — Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексига раҳбарлик қилади.

Шу кунгача Самарқанд вилоятига ҳокимлик қилган Зойир Мирзаев Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири — Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексининг раҳбари этиб тайинланди.

Вазирлар Маҳкамасининг аввалги шахсий таркибида ҳам бош вазир ўринбосари, Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплексига раҳбарлик қилган Ғуломжон Ибрагимовнинг ўрни ва у раҳбарлик қиладиган комплекс ўзгаришсиз қолган.

Аввалги ҳукуматда ҳам бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси Улуғбек Розукулов масъул бўлган комплекс номи ўзгарган: у бош вазир ўринбосари, «Ўзавтосанот» акциядордик компанияси бошқаруви раиси — Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари этиб тайинланган.

Адхам Икрамов бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири — Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган.

Шу кунгача Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига раислик қилиб келган Танзила Нарбаева эса бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланган.

Ёрлиқ