Президент: Ҳамма нарса номига, қарсак, қарсак, қарсак...
Шавкат Мирзиёев "Ўзстандарт" агентлигининг жойлардаги раҳбарлари хусусида очиқ ва танқидий фикрларини билдирди
ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, халқ вакиллари ва фаоллари билан учрашди.Мажлис чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекс раҳбарларининг ушбу минтақа бўйича ахбороти тингланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов ("Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси — Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари) сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон республикасидаги ўзига тегишли соҳалар бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд камчилик хусусида сўз юритди, деб хабар қилади кун.уз.Хабарда айтилишича, "Авваламбор, биринчиси, сифатсиз маҳсулот ва ускуналарнинг бозорга чиққани стандартлаштириш соҳасига тегишли бўлади ва агентликнинг ҳудуддаги лабораторияси бугунги замонавий талабга умуман жавоб бермаслиги маълум бўлди", — деди Розуқулов.
Шу ўринда, президент "Ўзстандарт" агентлигининг жойлардаги раҳбарлари хусусида очиқ ва танқидий фикрларини билдирди."Стандартнинг вилоятда ўтирган ҳар бир раҳбари магазинчи у, биласизми, улар солиқчи ва бошқалардан ҳам ёмонроқ, қўл қўйиб, пора олаверган. Бирорта стандартга мос бўлмаса ҳам қўл қўяверган, бу ҳаёт тарзи бўлиб қолган. Сиз эса, Улуғбек Убайдуллаевич, бу соҳани бир ёки икки йилгина бошқараётганингиз йўқ, шундай эмасми?", — деди Шавкат Мирзиёев. Розуқулов машина-трактор парклари хусусида ҳам сўз юритди. "Республикада жами 174 МТП (машина-трактор парки) ва 155 агротехсервис бор. Биз бу борада уларни оптималлаштириш ва ихчамлаштириш бўйича чоралар кўряпмиз. Мос келмайдиган биноларда турганларини тугатиб, барча шароитлари бўлган янги паркларни ташкил этаяпмиз", — деди Бош вазир ўринбосари. Давлат раҳбари бу хусусда ҳам ўзининг танқидий фикрларини билдирди. "Биз борганимизда ҳаво ҳарорати —5-6 даража бўлди, пайвандлаш ишларини олиб бораяпти. Уни сифати қандай бўлади? Нима учун бу ишлаяпти, десак, бугун биринчи марта ош қилиб бергандик, шунга ишга келди, дейишди. Бу нимадан далолат? Тизим йўқ, Улуғбек Убайдуллаевич! Номига, ҳамма нарса, қарсак, қарсак, қарсак…Бу қарсак билан қаёққа борамиз?", — деб таъкидлади президент.