Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликлар кенгайиб бормоқда
Кобул шаҳрида икки мамлакат ҳамкорликларини янада ривожлантириш йўлида Афғонистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари 5 та ҳамкорлик ҳужжат имзоладилар.
2017 йилнинг 23 январь куни Афғонистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобул шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний билан ҳам учрашди.
Кун.ўз сайтига кўра, президент саройи ҳудудида бўлиб музокараларда томонлар икки давлат ўртасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва савдо, шунингдек, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Салоҳиддин Раббоний Ўзбекистон билан гиёҳванд моддалар, умумий хавфсизликка таҳдидларга қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлик афғон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси ТИВ раҳбари афғон маҳсулотларининг ўзбек бозорларига экспорти имкониятини кенгайтириш лозимлигини таъкидлаб, Тошкентга савдо ва транзит масалалари бўйича икки томонлама келишув имзолашни таклиф қилди, деб хабар берди “1TV” телеканали.
Камилов Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро манфаатли масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини тасдиқлади. Бунда минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаб туриш, умумий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан транспорт ва энергетика соҳаларида, шунингдек маданий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш алоҳида тилга олиб ўтилган.
Учрашувда БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Ҳозирги пайтда Ташқи ишлар вазирлари Кенгашида Ўзбекистон раислик қилаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунига кўра томонлар ҳамкорлик тўғрисидаги 5та битимни имзолашди. Улар орасида - Ўзаро англашув тўғрисида вазирликлараро меморандуми, гиёҳванд моддалар таҳдиди билан кураш тўғрисида келишув, хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида протоколлар, шунингдек 2017-2018 йилларга мўлжалланган йўл харитаси бор.
23-24 январь кунлари Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг саноат ассоциациялари ва хўжалик субектлари вакилларидан иборат аъзолари афғонистонлик ҳамкорлари билан алоҳида икки томонлама музокаралар ҳам ўтказдилар.
Кун.ўз сайтига кўра, 2017 йилнинг 24 январь куни Кобул шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Президентнинг махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий сайти орқали маълум қилинди.
Ташриф доирасида қисқа муддат ичида ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини 1,5 млрд. АҚШ долларига етказиш имконини берадиган икки томонлама савдо-иқтисодий “Йўл харитаси”; қўшма темир йўл ва автомобил йўли лойиҳаларида Ўзбекистон томони иштирокини кўзда тутадиган Транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадлари тўғрисидаги Протокол; Хавфсизлик масалалари бўйича Қўшма коммиссия тузиш мақсадлари тўғрисидаги протокол; Ўзаро англашув тўғрисида вазирликлараро меморандум; Наркотик воситалар, психотерапик моддалар ва уларнинг прескурорларини ноқунуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида ички ишлар вазирликлари ўртасида Битим имзоланди.
Ўзбекистон ва Афғонистон бизнес тузилмалари вакиллари томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар, “тез ёрдам” автомобиллари, буғдой, электрмаиший техникаси етказиб бериш бўйича умумий қиймати 49.3 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.
Шунингдек, “Ўзсаноатекспорт” АЖ савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Савдо уйи биносида мамлакатимиз тадбиркорлари маҳсулотларининг доимий фаолият юритадиган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда
Айтиш керакки, 2017 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан Қароргоҳи “Арг” саройида қабул қилинганди.
Вазир Афғонистон Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш таклифи қайд этилган шахсий мактубини етказди.Мулоқот давомида турли йўналишларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбариятининг сиёсий хоҳиши туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги суръат ва хусусиятга эга бўлди. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг фаоллашувида яққол намоён бўлмоқда.Учрашувда ўзаро аҳамият касб этадиган халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилганди.