Рустам Азимов Ўзбекистон Туркия билан қайси соҳаларда ҳамкорлик бошлаши мумкинлиги ҳақида гапирди
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 27 февраль, душанба куни Истанбулда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбари сайтида ҳам маълум қилинган. Хабарда учрашув тафсилотлари келтирилмаган.
Маҳаллий нашрларга таяниб Кун.ўз сайтида ёзилишича, Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ва миллий мудофаа вазири Фикри Ишиқ қатнашган учрашув 1 соат вақт давом этган.
Ўзбекистон делегацияси Истанбулда ўзбек-турк бизнес-форумида иштирок этган, унинг якунида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланган.
Anadolu агентлиги маълумотига кўра, томонлар қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, электроника, кимё саноати, туризм ва логистика соҳаларини ўз ичига олувчи 10та муҳим секторни белгилаб олишган.
Форумда чиқиш қилган Туркия иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ўтган йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 1,2 млрд долларни ташкил этганини қайд этган, шу билан бирга бу кўрсаткич имкониятлар даражасидан паст этгани таъкидланган. У икки давлат ўртасида 1995 йилда имзоланган инвестициялар бўйича келишувни ҳамда эркин савдо ҳақидаги шартномани қайта кўриб чиқишга чақирган.
Туркия томони статистик маълумотига кўра, 2016 йилда Туркиядан Ўзбекистонга экспорт ҳажми 488,5 млн доллардан 533,3 млн долларга ўсган, Ўзбекистондан Туркияга импорт ҳажми эса 711,5 млн доллардан 709,2 млн долларга пасайган.
Рустам Азимов ўз чиқишида, Ўзбекистон Туркия билан нефткимё соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 2та нефтни қайта ишлаш заводи фаолият кўрсатмоқда ва учинчисини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
«Биз Ўзбекистонда олтин, кумуш ва уран каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилишимиз мумкин», — дея иқтибос келтиради Anadolu бош вазир ўринбосари сўзларидан.
Темир ва автомобиль йўллари қурилиши лойиҳалари ҳам ҳамкорликнинг яна бир йўналиши бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди у.
Рустам Азимов Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи мамлакат бўлганини эслаб ўтган ва деган: «Ўзбекистон халқи буни ҳеч қачон унутмайди».