Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Орол муаммосини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари учрашув вақтида Орол денгизи билан боғлиқ вазият хусусида тўхталиб ўтишди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар бермоқда.
Назарбоев дарёлардан ақл билан фойдаланиш муҳимлигини қайд этиб ўтган.
«Музокаралар чоғида сув—энергетика комплекси масалаларига алоҳида эътибор қаратдик. Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурслари умумий бойлик экани яна бир бор тасдиқланди. Минтақамиздаги барқарорлик, фаровонлик, мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар, миллионлаб кишилар тақдири дарёлардан қанчалик оқилона фойдаланишимизга боғлиқ. Минтақадаги давлатларнинг сувдан фойдаланиш истагини жуда яхши тушунамиз, бу жараёнда иштирок этишга ҳам тайёрмиз. Бироқ бундан дарёларнинг қуйи қисмидаги бошқа давлатлар зарар кўрмаслиги керак», деган Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунида.
Қозоғистон президенти Орол денгизи муаммосига алоҳида тўхталган.
«Биз Орол денгизи атрофидаги вазиятни муҳокама қилдик ва яна бир бор Оролни қутқариш халқаро фонди муаммо ечимини топиш, давлатларимиз ўртасида бу борадаги алоқаларда асосий платформа эканлиги ҳақида якдил фикрга келдик», дея якунлаган Нурсултон Назарбоев.