Ўзбекистон ва Арманистон савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқчи
Ўзбекистон ТИВда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Арманистоннинг мавжуд салоҳиятини намоён қилиш нуқтаи-назаридан савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалаларига алоҳида эътибор қаратилди
ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биносида Арманистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ҳукумати матбуот-хизмати.
"2017 йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкентга МДҲ ТИВКнинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун келган Арманистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян билан учрашди", — дейилади хабарда.Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Арманистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати, турли соҳалардаги алоқалар, жумладан МДҲ ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Арманистоннинг мавжуд салоҳиятини намоён қилиш нуқтаи-назаридан савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.