Ўзбекистон милициясини туб ислоҳотлар кутмоқда
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i16986-Ўзбекистон_милициясини_туб_ислоҳотлар_кутмоқда
Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади
(last modified 2018-08-22T17:50:17+00:00 )
апрел 11, 2017 10:03 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон милициясини туб ислоҳотлар кутмоқда
    Ўзбекистон милициясини туб ислоҳотлар кутмоқда

Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

«Ўтган йилнинг сентябрь ойида «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бироқ, мазкур қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда», дейилган фармон шарҳида.

Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ички ишлар органлари фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш ва тубдан такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.

Президентнинг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бундай камчиликларни бартараф этиш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Фармонда мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда салбий оқибатлари чуқур таҳлил қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни талаблари етарли даражада бажарилмаётгани кўп жиҳатдан асосий вазифаси мурожаатлар билан ишлаш ҳисобланган аниқ таркибий тузилманинг йўқлиги билан боғлиқдир. Бунинг оқибатида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Шу муносабат билан фармонда Ички ишлар вазирлигининг Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Аҳоли ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни таъминлашда ички ишлар органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги муҳим аҳамият касб этади. Ички ишлар органлари биноларининг шаҳарлар ва туман марказларида жойлашгани олис аҳоли пунктларида яшаётган фуқароларга қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Шу сабабли ички ишлар органларини аҳолига яқин бўлишини таъминлаш мақсадида ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)дан узоқда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 175 та шаҳар (шаҳарча) ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари) ва 824 та таянч пунктлари ташкил этилмоқда.