Шавкат Мирзиёев Испания қироли билан учрашди
-
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Испания қироли билан учрашди.
Дарё.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ва Филипп VI суҳбатда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиб, халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Томонлар давлатлараро алоқаларни кенгайтиришда олий даражадаги мулоқот муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ташқи сиёсат маҳкамаларининг мунтазам маслаҳатлашувлари нафақат долзарб минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари бўйича фикр алмашиш, балки турли даражадаги келгуси учрашувлар жадвали ва кун тартибини ишлаб чиқиш ҳамда келишиш имконини бермоқда.
Давлатлараро муносабатларнинг муҳим буғини бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам томонлар диққат марказида бўлди.
Икки томонлама савдо соҳасида кўплаб қулайликлар яратилиб, сезиларли даражада, яъни жорий йилнинг дастлабки 4 ойида тўрт баробар ўсишга эришилганига қарамасдан, бу борадаги кўрсаткичлар ҳамон юқори эмас. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва таркибини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон билан Испания бунинг учун барча имконият ва салоҳиятга эга экани таъкидланди.