"Вақт синовидан ўтган дўстлик: тожик ва ўзбек халқи муносабатлари ҳақида фильм
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Тожикистон ва Ўзбекистон дўстлиги ҳақида "Вақт синовидан ўтган дўстлик" фильми эълон қилинди
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати тожик ва ўзбек халқи ўртасидаги муносабатлар ҳақида "Ўзбекистон ва Тожикистон: вақт синовидан ўтган дўстлик" фильмини эълон қилди.
Йигирма дақиқадан сал зиёд давом этадиган ва "Тожик ва ўзбек халқи ўртасидаги дўстлик бу кечагина пайдо бўлган гап эмас, балки асрлар давомида яшаб келаётган ҳақиқат", деган сўзлар билан бошланадиган роликда ўзбек ва тожик миллатининг "эт билан тирноқ"қа ўхшашлиги, бу икки халқни бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмаслиги ҳақида гапирилади.
Роликда битта дарёдан сув ичадиган бу икки халқнинг анъаналари ва урф-одатлари ўртасидаги ўхшашлик эътироф этилиб, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўзбек ва тожик халқи ҳақида айтган: "Ўзбеклар ва тожиклар — бу икки тилда гапирадиган ягона халқдир" деган гапларидан иқтибос келтириб ўтилган.
Видеоролик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ҳақида айтган, билдирган фикри билан якунланган: "Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз. Бошқа ниятимиз ҳам йўқ. Албатта, кўп-кўп муаммолар бор, лекин одамзот шуни учун, раҳбарият шуни учун бор-ки, бу муаммоларни ақл билан, ирода билан, вазминлик билан ечиш керак. Икки халқ орасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича агар биз ният қилсак, барибир Худо таоло ўзи ечиб беради — у чевар ўзи. Ҳар бир давлатни ўзини нияти, ўзини халқи, ўзини истаклари бор. Шунинг учун биз дўстлик нуқтаи-назаридан, самимийлик нуқтаи назаридан, биродарлик нуқтаи-назаридан қўшниларимиз билан фақат дўст, дўст ва яна бир марта дўст бўламиз".