Ўзбекистон ва Қирғизистон авиация расмийлари Тошкентда парвозлар йўналишларини кенгайтиришни муҳокама қилди
Қирғизистон делегациясига мамлакат транспорт ва йўллар вазири ўринбосари Гулмира Абдувалиева бошчилик қилди
Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон авиация расмийларининг икки томонлама маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар берди Дарё уз сайти. Қирғизистон делегациясига мамлакат транспорт ва йўллар вазири ўринбосари Гулмира Абдувалиева бошчилик қилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Иссиқкўлдаги халқаро аэропортга ҳаво қатновини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда Қирғизистон авиакомпаниялари ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш, парвозлар йўналишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар авиация хавфсизлигини таъминлаш, авиация тизимини модернизация қилиш, кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш соҳаларида тажриба алмашиш бўйича келишувга эришди.