АҚШда ўзбекистонлик уч муҳожир қидирилмоқда
АҚШ Божхона ва иммиграция назорати хизмати (ICE) одам савдоси ва фирибгарликда айбланаётган ўзбекистонлик уч муҳожирни қидирмоқда, деб ёзади Forum Daily.
Улар 32 ёшли Рустамжон Шукуров, 35 ёшли Санжар Аъзамов ва 30 ёшли Нодир Юнусовдир.
2005 йилнинг июнида АҚШ ICE ва Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистоннинг бир нечта фуқароларига ва ноқонуний муҳожирларни мажбурий ишга жойлаш билан шуғулланган Giant Labor Solutions (GLS) компаниясига нисбатан текширув бошлаган эди.
Тўрт йил давомида АҚШда бир нечта махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари GLS фаолиятини кузатган. Натижада 2009 йил майида компанияга меҳнатга мажбурий ёллаш ва чет элликлар билан меҳнат шартномалари тузишда фирибгарлик қилиш айбловлари қўйилди.
Ўшанда ташкилотнинг кўпчилик аъзолари қўлга олинган, одам савдосининг 40 дан ортиқ қурбонлари қутқарилган эди. Аммо GLS’нинг бир нечта аъзолари қочишга муваффақ бўлди, улар орасида юқорида номлари келтирилган ўзбекистонликлар ҳам бор.