Ўзбекистон – Хитой энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси мажлиси ўтказилди
(last modified Sat, 09 Sep 2017 07:03:58 GMT )
сентябр 09, 2017 12:03 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон – Хитой
    Ўзбекистон – Хитой

Тошкентда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири, кичик қўмита ҳамраиси Г.Саидова, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари, Энергетика бўйича давлат қўмитаси раиси, кичик қўмита ҳамраиси Н.Бекри ва бошқалар Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида мамлакатда Хитой сармояларини жалб қилган ҳолда 878 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Мажлисда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор муҳим дастурлар қабул қилингани таъкидланди. Хусусан, мамлакатимизнинг юксак гидроэнергетик салоҳиятидан комплекс фойдаланиш мақсадида 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури қабул қилинди. Унга кўра 2,6 миллиард доллар эвазига 18 янги ГЭС қуриш ва мавжуд 14 ГЭСни модернизация қилиш режалаштирилган. Дастурни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш учун аввал "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирган барча гидроэлектрстанцияларни бирлаштирган «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилди.