сентябр 21, 2017 09:46 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Болгария президенти билан учрашди
    Шавкат Мирзиёев Болгария президенти билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Болгария президенти билан учрашувда уни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда болгариялик ҳамкасби Румен Радев билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Бу йил Ўзбекистон ва Болгария ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Икки давлат раҳбарлари 13 сентябрь куни ушбу сана муносабати билан бир-бирларини қутлади. 

Олий даражадаги мазкур учрашувда Ўзбекистон – Болгария муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ҳамкорлигида янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан давлатларнинг ёндашувлари яқин экани икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга асос бўлади.

Болгария Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири. Ўзбекистонда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 миллион долларни ташкил этган. Учрашувда бу кўрсаткич мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон Болгария бозорига кимё, электр техникаси, тўқимачилик ва кабель маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, мева-сабзавот етказиб бериши мумкин. Фармацевтика, косметика, электр техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжуд.

Шунингдек, транспорт-коммуникация, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда шу жабҳаларда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга келишиб олинди.

Румен Радев Болгария Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни, Марказий Осиёда давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қадрлашини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Болгария президентини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.

 

Ёрлиқ