БМТ дин эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга келади
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегация 2-12 октябр кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади
Ташриф давомида делегация аъзолари Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, республиканинг бу борадаги ижобий тажрибаси билан танишади, тегишли тавсиялар ишлаб чиқади, деб хабар бермоқда uzbekistan24.uz.
А.Шаҳиднинг ташрифи давомида давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Хусусан, делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Конституциявий ва Олий суд, Бош прокуратура, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Мусулмонлар идорасида учрашувлар ўтказади.
Ташриф дастурида, шунингдек, миллий маданий марказлар ва диний конфессиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Халқ қабулхоналари вакиллари билан учрашувлар кўзда тутилган.