октябр 12, 2017 13:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбек тили ва адабиёти университети лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосининг янги лойиҳасини ишлаб чиқди
    Ўзбек тили ва адабиёти университети лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосининг янги лойиҳасини ишлаб чиқди

Ушбу лойиҳа 20 октябрдаги конференцияда муҳокамага қўйилади

Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ишчи гуруҳи сўнгги бир йил давомида алифбо ва имло масаласидаги 200 дан зиёд таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқди. Бу ҳақда университет вакили Саодат Муҳамедова Facebook’даги «Ўзбек тили жонкуярлари гуруҳи»да ахборот қолдирган. Бу ҳақда Дарё уз сайти хабар берди. 

Саодат Муҳамедованинг сўзларига кўра, билдирилган мулоҳазаларнинг 85 фоизида жорий алифбони компьютер технологиялари талабларига мослаштириш, ёзувни имкони борича қулайлаштириш каби таклифлар билдирилган. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ миллий алифбонинг қуйидагича янги вариантини таклиф қилган:

A a (“а”), B b (“б”), C c (“ц”), D d (“д”), E e (“э”), F f (“ф”), G g (“г”), H h (“ҳ”), I i (“и”), J j (“ж”), K k (“к”), L l (“л”), M m (“м”), N n (“н”), O o (“о”), P p (“п”), Q q (“қ”), R r (“р”), S s (“с”), T t (“т”), U u (“у”), V v (“в”), X x (“х”), Y y (“й”), Z z (“з”), Ŏ ŏ (“ў”), Ğ ğ (“ғ”), Şş (“ш”), Çç (“ч”), Ng ng (“нг” бурун товуши), ’ — тутуқ белгиси.

Саодат Муҳамедованинг қайд этишича, университет ишчи гуруҳи таклиф қилаётган алифбо лойиҳаси 1993 йилда қабул қилинган алифбо варианти билан бир хил (унга 1995 йилда ўзгартиришлар киритилган ва ҳозирги алифбо жорий қилинган эди).

«Фақат 1993 йилги вариантда ‘ж’ учун икки хил ҳарф, яъни Жўра учун ‘J j’, аждод учун ‘Ĵ ĵ’ ҳарфи қабул қилинган эди. Бизнинг вариантда битта ‘J j’ (‘ж’). Шунга кўра айтиш мумкинки, биз 24 йил олдин фойдаланган алифбога қайтамиз. Унга ҳеч қандай оламшумул ўзгартириш киритаётган бўлмаймиз. Фақат алифбо замон талабларига мос ҳолга келтирилади, холос», — деб ёзади Саодат Муҳамедова.

Таклиф этилаётган мазкур алифбо лойиҳаси 20 октябрь куни университетда «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари (тил, алифбо ва имло)» мавзусида ўтказиладиган республика илмий-амалий конференциясида қизғин муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Маълумот учун, ҳозир амалда бўлган лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси 29 белги-ҳарфдан иборат бўлиб, унинг таркиби қуйидагича: A a, B b, D d, E e, F f, G g, H h, I i, J j, K k, L l, M m, N n, O o, P p, Q q, R r, S s, T t, U u, V v, X x, Y y, Z z, O‘ o‘, G‘ g‘, Sh sh, Ch ch, Ng ng.

 

Ёрлиқ