Озарбойжон-Ўзбекистон ўртасида маданий-адабий алоқалар мустаҳкамланмоқда
Низоми Ганжавий номидаги Озарбойжон Миллий Илмий Академияси (ОМИА)да "Асл дўстона илдизлар: Озарбойжон-Ўзбекистон маданий-адабий алоқалари" мавзусидаги илмий конференция бўлиб ўтди.
Кун.уз сайтига кўра, анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Маданият Маркази лойиҳаси доирасида сўнгги вақтларда Тошкентда ўзбек тилида чоп этилган китоблар, шунингдек ўзбек маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазма билан танишишди.
ОМИА вице-президенти, Адабиёт Институти директори, академик Исо Ҳабиббейли сўнгги йилларда Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларининг ривожланаётгани, маданий-адабий алоқаларнинг кенгаяётгани ҳақида сўзлади. Олим икки давлат алоқаларининг тамал тоши Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев томонидан қўйилгани, бугунги кунда бу муносабатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон давлат раҳбари Илҳом Алиев томонидан муваффақиятли давом эттирилаётганини таъкидлади.
Исо Ҳабиббейли икки мамлакат алоқаларининг ривожланишида Низоми Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Бобур, Насимий, Амир Темур ва бошқа машҳур шахсларнинг ўчмас ролини алоҳида қайд этди ва бу икки мамлакатнинг маданияти ҳамда адабиёти бир-бирига ҳамоҳанг тарзда ривожланаётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Адабиёт Институтида Ўзбекистон адабиёти вакиллари ижоди тарғиботи бўйича муҳим ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили Институтда Озарбойжон-Ўзбекистон-Туркманистон адабий алоқалари бўлими иш бошлади, олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида бир неча китоблар чоп этилди, Озарбойжонда яшаб ижод қилган ўзбек адабиёти таниқли вакилларининг мероси ўрганилди. Олим ОМИАнинг Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳамкорлигига урғу берар экан, мазкур анжуманни мустақиллик йилларидаги Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларидаги муҳим ҳодиса деб атади.
Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчиси Шерзод Файзиев анжуманда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражада ривожланаётганини таъкидлаб, мусулмон мамлакатлари ўртасида илм-фан, маданият соҳасидаги алоқаларни кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек элчи мамлакатларимиз Ислом маданияти ва жаҳон маданий-тарихий меросининг маркази ҳисобланишини таъкидлади.