Ўзбекистонда 1,5 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупцияда гумон қилинмоқда
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 2017 йил биринчи ярим йил давомида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 1566 нафар мансабдор шахсга нисбатан 1130 та жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.
Суд органларига 1442 нафар мансабдор шахсга нисбатан 954 та жиноят ишлари юборилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23 фоизга, қўзғатилган жинойи ишлар сони эса 22 фоизга камайган. Шунингдек, коррупция жиноятлари натижасида етказилган зарарнинг 77 фоизи ундириб олинган.
Коррупцияга алоқадор бўлган жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, бу турдаги барча жиноятлар сони камайган. Жумладан, Жиноят кодексининг 207-моддаси мансабга совуққонлик билан қараш — 39 фоизга, 209-моддаси мансаб соҳтакорлиги — 38 фоизга, 167-моддаси ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон тарож қилиш — 37 фоизга, 205-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 35 фоизга, 206-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш — 31 фоизга, 210-212-моддалари пора олиш, бериш ва олиш-беришда воситачилик қилиш — 13 фоизга камайган.