Ўзбекистон Мусулмонлар идораси АҚШ давлат департаменти хулосасини “адолатсиз” деб баҳолади
(last modified Mon, 15 Jan 2018 07:49:26 GMT )
Январ 15, 2018 12:49 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Мусулмонлар идораси
    Ўзбекистон Мусулмонлар идораси

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси АҚШ давлат департаментининг хулосаларига раддия берди

 Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон ҳамон “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” мамлакатлар сирасига киради. Шу билан мамлакат мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Кун.уз сайтига кўра, ЎзМИ раддиясида айтилишича, бугунги Ўзбекистонни ушбу рўйхатга киритилиши янглишдир. Жумладан унда шундай дейилади:

“Ўтган бир йил давомида диний соҳада энг кўп ўзгариш ва енгилликлар бўлди. Эзгулик ва хушхабарларга лиммо-лим бўлди. Ҳақиқатан, эътиқод борасида тўпланиб қолган масалалар ечимини топиш, ушалмас орзу бўлиб турган истакларнинг рўёби борасида жуда ҳам катта ишлар қилинди. Шахсан Президентнинг саъй-ҳаракати билан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, диний саводхонликни ошириш ва динимизнинг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш мақсадида, улкан ишлар қилинди. Буни аниқ мисолларда баён қиладиган бўлсак, жумладан:

Ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади.

Исломий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Бухорода Олий мадраса ташкил этилди. Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим очилди, диний ўқув юртлари қошида ўқув курслари юритилди, Қуръони карим қироати бўйича “Таҳфизул Қуръон” гуруҳлари фаолият бошлади, қабул квоталари 150 фоизга оширилди.

Ўзбекистон бўйича 15 та масжид қайтадан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди. Биргина Сурхондарё вилоятининг олис ҳудудларида 4 та янги масжид иш бошлади, яна 4 тасини очиш режага киритилди.

Интернет сайтларида диний фанлардан онлайн дарслар ташкил этилди, тўғридан-тўғри савол-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий тарғибот жадал олиб борилмоқда.