Ўзбекистонда 15 январ куни 1-Республика Қуръони Карим тиловати мусобақаси бошланади
2018 йил 15 январ куни Қуръони Карим тиловати бўйича 1-Республика қорилар очиқ мусобақаси бошланган кун сифатида тарихга киради.
Режага кўра, Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичи очилиш маросими Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманидаги замонавий усулда қайта барпо этилган “Маърифатли” жоме масжидида бўлиб ўтади.
Шу билан бошқа ҳудудларда ҳам мусобақа бошланишига дуо берилади, деб хабар беради Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати. Ушбу маросимда истаган киши қатнашиши мумкин. Маълум қилинишича, айни вақтда “Маърифатли” жоме масжидида мусобақанинг очилиш маросимига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу вақтга қадар мусобақада қатнашишга журъат қилган, яъни ўзининг билимига, қувваи ҳофизасига ишонган 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қори ва қориялар сони салкам тўрт мингга яқин экан. Иштирокчиларнинг тўлиқ ва якуний маълумоти эртага эълон қилиниши кутилмоқда.
Таъкидланишича, мусобақа жараёни тўғридан-тўғри эфирга узатиб борилади. У ерга бора олмаган ватандошлар мусобақанинг очилиш маросимини www.muslim.uz портали ва Идоранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хасти Имом мажмуасига ташрифида Ўзбекистонда Қуръон тиловати бўйича Республика мусобақасини ташкил этиш ташаббусини билдирган эди.